Қозоғистон ва Қирғизистон чегарасида саноат савдо-логистика мажмуаси қурилади. Мамлакат Парламенти Мажилиси тегишли шартномани ратификация қилди. Мажмуа иккита автомобиль ўтказиш пункт - «Ақ-Тилек» ва «Қарасу» яқинида бунёд этилиши кутиляпти. Бунинг учун 36 гектар ер ажратилган. Янги лойиҳа бюджетдан ташқари инвестициявий маблағлар ҳисобидан бунёд этилади. Умуман олганда, дастлабки ҳисобларга кўра, умумий қиймати 30 миллиард тенгега тенг, кўп миқдорла сармоя жалб этувчи иншоотда ишлаб чиқариш майдончалари, товар омборлари, транспорт-логистика инфратузилмаси бўлиши кутиляпти. Ушбу йирик лойиҳанинг ишга тушиши оқибатида қатор кооперация лойиҳаларининг рўёбга чиқарилиши кутиляпти. Масалан, сут, гўшт, мева-сабзавот, текстил ва фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мумкин. Таъкидлаш лозимки, ўтган йили Қозоғистон ва Қирғизистон ўртасида товар айланмаси 1,6 миллиард долларга етди. 2030 йилгача бу кўрсаткичнинг 3 миллиард долларга етиши кутиляпти. Мажилис депутатлари фикрича, мазкур лойиҳа ҳам бунга эришишга ёрдам беради.
Мақсат Тўлиқбаев, Қозоғистон Республикаси Парламенти Мажилиси депутати:
– Қозоғистон ва Қирғизистон чегарасида омборчилик, янги товарларни сақлаш ва ишлаб чиқариш, маҳсулотни қайта ишлашни таъминловчи саноат савдо-логистика мажмуаси жуда керак. Мажмуада экспорт-импорт жараёнлари учун ҳужжатларни расмийлаштириш ишлари ҳам амалга оширилади. Иншоот икки томонлама савдо-иқтисодий алоқаларни, ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар муносабатларини ривожлантиришга хизмат қилади.
Муқаш Искандиров, Қозоғистон Республикаси Парламенти Мажилиси депутати:
– Жамбил вилоятида саноат савдо-логистика мажмуаси яратилиши ишлаб чиқариш кооперацияга, маҳсулот ишлаб чиқариш билан боғлиқ янги лойиҳалар ривожланишига ёрдам беради, етказиб бериш занжиридаги ортиқча ҳалқаларни бартараф қилади, икки давлат чегарасидаги тиқинларни бартараф этиш ҳисобига маҳсулот етказиб беришни жадаллаштиради.
Абдумалик Сарманов таржимаси.