Қозоғистонда бронза даврига оид петроглифлар топилди. Жамбил вилояти
дараларида ўтказилган экологик акция давомида волонтёрлар қоятошдаги суратларга
дуч келди. Қадимий сурат баландлиги 2 метр, узунлиги 15-20 метрга тенг. Ундаги петроглифлардан
аксарияти қадимги одамларнинг турмуш шароити ва дунёқарашини акс эттирган.
Асилжан Пазилбеков, волонтёр:
– Биз бир нечта ёзувни кўрдик. Бу петроглиф эканлигини билмасак ҳам, тарихчи олимларга мурожаат этдик. Шунда булар қадимий суратлар эканлиги маълум бўлди.
Экспертлар фикрича, петроглифлар 4 минг йил аввал чизилган. Тошга ўйилган баъзи элементлар, олимлар фикрича, улкан кашфиёт бўлиши мумкин. Мазкур қоятош суратларини мажмуавий ўрганиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Тарихчилар фикрича, қадимий белгилар туширилган ҳудуддаги объектлар давлат муҳофазасига олиниши керак.
Сауран Қалиев, тарихчи-археолог:
– Илмий тадқиқотларга кўра, Қаратау тоғ массиви муқаддас замин бўлиб, Қозоғистондаги энг кўҳна тарихий-географик минтақалардан бири. Шунинг учун, катта эҳтимол билан айтиш мумкинки, бу жойлар муқаддас ҳудудлар қаторига киритилиб, туризм ривожланиши учун мақбул йўналишлардан бирига айлантирилса, ажаб эмас.
Абдумалик Сарманов таржимаси.