Ислом Тараққиёт банки Қозоғистонда сув хўжалигини янгилаш учун 2,7 миллиард доллар қарз ва грант ажратади. Мажилисда бўлиб ўтган Ҳукумат соатида вазир Нуржан Нуржигитовнинг айтишича, лойиҳа икки босқичда рўёбга чиқарилади. Унинг доирасида жорий йилда 4 та йирик сув
омбори бошланиши режалаштирилган. Шунингдек,
умумий узунлиги уч ярим минг километр бўлган 115 та ирригация каналидаги рақамлаштириш элементлари янгиланади. 2027 йилда бошланадиган иккинчи босқич ишларида эса 13 та сув омбори қурилади ва 11
таси реконструкцияланади. Жами 5 минг километрдан зиёд ирригация каналлари янгиланади. Натижада, сув инфратузилмалари яхшиланади, 134 аҳоли манзилида тошқин хавфи олди олинади.
Нуржан Нуржигитов, Қозоғистон Республикаси Сув захиралари ва ирригация
вазири:
- Ислом Тараққиёт
банки билан ҳамкорлик доирасида сув ҳавзаларидаги экология ва бошқарув билан боғлиқ муаммоларни
ўрганиш, баҳолаш учун умумий қиймати 3,5 миллион АҚШ долларига тенг техник ёрдам кўрсатиш тўғрисида шартнома тузилди. Бу грант доирасида «Қозоғистон сув хўжалиги» илмий-тадқиқот институти иши фаоллашади. Айни вақтда, «Қозоғистон сув тармоқлари» корхонасини
техник жиҳозлаш, прогноз қилиш тизимини
жорий этиш кўзда тутилган.
Франция Тараққиёт агентлиги эса Балхаш кўли мастер-лойиҳасини тайёрлаш учун 1,3 миллион евро грант ажратди. Япония ҳукумати сув тошқинларига
қарши жорий тадбирлар тизимини ишлаб чиқиш учун 2 миллион доллар ҳажмида грант йўналтирди. Ўтган йили сув секторини ривожлантириш бўйича ҳамкорлар
фаолиятини мувофиқлаштирувчи кенгаш тузилганди. Вазирлик халқаро ҳамкорлик доирасида замонавий
тажриба ва илғор технологияларни жорий этиш билан боғлиқ 4 та шартнома ва 19 та меморандум имзолади.
Абдумалик Сарманов таржимаси

