Қозоғистонда интеллектуал ҳуқуқ бўйича магистратура дастури иш бошлади

Қозоғистонда интеллектуал ҳуқуқ ва бизнес соҳасида таълим беришга мўлжалланган магистратура дастури ишга туширилди. Евроосиё Иқтисодий иттифоқидаги биринчи марта ташкил этилган бундай дастур дунёнинг 14 мамлакатидагина мавжуд. Фан ва олий таълим вазирлиги, Адлия вазирлиги, Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти ҳамда Мақсут Нариқбаев Университети ўртасида меморандум имзоланиши ортидан бунга эришилди. Университетда янги ихтисосликни эгаллашни истаганлардан иборат биринчи гуруҳда 15 талаба таълим олади. Талабгорларнинг 10 нафари грант асосида ўқийди. Таъкидлаш лозимки, дунё бозорида интеллектуал мулк қиймати 70 триллион долларга тенг. Интеллектуал ҳуқуқлар ва интеллектуал мулк ўта муҳим аҳамиятга эга бўлган креатив саноатни ривожлантириш учун эса малакали кадрларга эҳтиёж юқори. 

Азамат Есқараев, Қозоғистон Республикаси Адлия вазири:

– Гугл, Амазон ва бошқа корпорациялар, шу жумладан, сунъий интеллект билан боғлиқ ўз ҳуқуқларини муҳофаза қилишга катта эътибор беради. ОпенЭйАй ҳам. Шу каби соҳаларнинг барчасида оқилона ташкил қилинган ҳуқуқий муҳофаза тизими зарур. Интеллектуал мулкни муҳофаза қилиш бўйича магистрлик дастури Қозоғистон талабаларининг бу йўналишдаги янги усулларни ўзлаштиришига ёрдам беради. 

Абай Абилайули, Maqsut Narikbayev University «Халқаро ҳуқуқ» таълим дастурлари раҳбари:

- Интеллектуал мулкни муҳофаза қилишнинг 2 та – халқаро ва миллий тизими бор. Биринчиси, масалан, товар белгисини рўйхатга олишда катта имтиёзлар беради. Агар савдо маркасини халқаро тизимда рўйхатдан ўтказсам, у барча давлатларда муҳофаза остида бўлади. Шунинг учун ҳам талабалар бу амалиётни ўрганади. Мақсадимиз – тажрибани ўзлаштириш ва ўзимизда татбиқ этишдан иборат.

Абдумалик Сарманов таржимаси.