Қозоғистон компанияси Кремний водийси стартаплари илғор бешлигига киритилди

Қозоғистоннинг SpaceLab технологик компанияси тақдим этган IoT Sattelite ишланмаси Кремний водийси стартаплари илғор бешлигига киритилди. Мазкур тизим конларда юз бераётган жараёнларни, дарёлардаги сув сатҳини ва далалардаги ҳароратни кузатиш имкониятини беради. Айни вақтда, IoT Satellite орқали алоқа ва интернет бўлмаган ҳудудлардан сунъий йўлдош орқали маълумот узатиш мумкин. Космик технологиялар соҳасида ишлаётган компания ноу-хауси туфайли дунёнинг исталган нуқтаси билан боғланиш имкони бор.

Валихан Айгужин, Spacelab компанияси ишланма муҳандиси:

– Мазкур лойиҳа мамлакатимизга қарашли геостационар йўлдошга, шу жумладан, Казсат-2 ва Казсат-3га ўта муҳим маълумотларни узатиш имконини беради. Шу жумладан, қандайдир телеметрия ходимлари тақдим этган газ, метео, сейсмофаоллик ва бошқалар бўйича ҳам. Тизим стандарт алоқа воситалари, уяли ёки интернет алоқасига уланиш имконияти йўқ бўлган, аммо маълумотлар аниқлиги ўта муҳим ҳудудлар учун жуда зарур. 

Бундан ташқари, стартап бошқа йўлдош тармоқлари билан ҳам улана олади. Бу эса корхоналар ўзлари истаган шаклда ишлаши учун муҳим. Унинг турли соҳалардаги жараёнларни такомиллаштиришда ёрдам бера олиши бозор учун долзарблигини оширади. Ноу-хау муаллифлари қатор пилот синовлари ўтказди. Энди юбориладиган маълумотлар оқимини кенгайтириш устида ишлашяпти. Ускуналар бажарадиган вазифалар ҳам кенгаяди. Бу эса Қозоғистоннинг олис қишлоқларидаги шифохоналарга уланиш ҳамда беморлар ҳақидаги маълумотни йирик клиника ва тиббиёт марказларига узатиш учун керак.  

Даурен Аубакиров, Spacelab компанияси ҳаммуассиси, бизнесни ривожлантириш директори:

– Биринчидан, маълумотлар узатилишини айни вақтида кузатиб бориш ва улар асосида қарорлар қабул қилиш имконияти туғилади. Дейлик, конда нимадир ёпилмаган ёки қайсидир ускуна тўғри ишламаяпти. Бундай ҳолатда муҳандис ёки бошқарувчилар ускунанинг аҳволини аниқ билишлари зарур бўлади. Балки охиригача ёпилмагандир. Шунингдек, тизимимиз орқали масофадан туриб ускуналарни бошқариш мумкин. Яъни, сунъий йўлдошларга уланган ҳолда. 

Қозоғистон ишланмаси хорижда ҳам қизиқиш уйғотди. Африка давлатлари, шу жумладан, Эфиопия уни пилот тартибида ишлатиш истагини билдирди. Бундан ташқари, компания лойиҳани Шимолий ва Жанубий Америка, Бирлашган Араб амирликлари бозорларига олиб чиқиш ниятини билдиряпти.

Абдумалик Сарманов таржимаси.