Қозоғистонда илк марта географияга оид диктант ўтказилди. У QazaqGeography жамияти томонидан ташкил қилинди. Республика акцияси майдончаси сифатида ташкилот ва мамлакатнинг 10 та университети хизмат қилди. Диктантда ёшидан қатъи назар ҳар бир қозоғистонлик иштирок этиши учун имконият яратилди. Диққатга сазовор жойлар, муқаддас меъморий объектлар, машҳур тарихий шахслар, ўлканинг табиий ўзига хосликларига доир саволлар берилди. Тадбирдан мақсад фақат географияни эмас, тарих, шунингдек, мамлакатимизнинг бой маданиятини ўрганишга қизиқишни рағбатлантиришдан иборат. Саволларга тўғри жавоб берганларга совғалар тақдим этилади.
Бекбўлат Тўлегенули, Qazaqgeography жамияти лойиҳалар бўлими бошлиғи:
– Фаннинг турли соҳалари – табиатшунослик, тарих ва бошқалардан билимларни имкон қадар аниқлаш учун шундай саволлар танланди. Улар замонавий дунёда гуманитар ва табиий фанлар ўзаро чамбарчас боғлиқ эканлигини кўрстаади. Биз саводхон ва закий фуқаролик жамияти ярата олган мамлакат келажакда катта муваффақиятларга эриша олишига ишонамиз. Ушбу географик диктантдан мақсад – фанларга, тараққиётга қизиқишни оширишдан иборат.
Абдумалик Сарманов таржимаси.