Бутунжаҳон туризм ташкилоти билан шартнома тузилди

Туризмга эътибор. Қозоғистонда БМТ Бутунжаҳон туризм ташкилоти ёрдамида ушбу соҳа янада ривож топади. Президент Ишлари бошқармаси мазкур ташкилот билан ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолади. Шартномалар доирасида БМТ муассасаси Бурабай курорти, Алмати тоғ кластери ва Манғистауни ривожлантириш ишларини кузатиб боради. Шунингдек, қозоғистонлик талабалар хорижда таълим олади. 10 та юртдошимиз махсус курсларда ўқийди. Меморандумга кўра, соҳага инвестиция ва инновациявий, рақамли технологиялар жалб этиш юзасидан ёрдам кўрсатилади. Томонлар сайёҳлар учун қулайлик яратиш мақсадида маълум бир мобиль иловадан фойдаланиш ҳудудини кенгайтиришга келишиб олди. Унинг ёрдамида саёҳатчилар қулай йўналишни аниқлаш, ижарага уй-жой олиш, миграция хизматидан фойдаланиш имконига эга бўлади.  

Даурен Мўлдахметов, Қозоғистон Республикаси Президент Иш бошқаруви Рақамлаштириш ва лойиҳаларни бошқариш бўлими мудири:

– Биз туризм соҳасига янада кўпроқ инвесторлар жалб этилишини кутяпмиз. Ҳозир Бутунжаҳон туризм ташкилоти раиси Зураб Пололикашвили мамлакатда рақамлаштириш қанчалик ривожланганига қизиқаётганини кўриб турибмиз. Биз эса халқаро рейтинглардаги кўрсаткичларимизни намойиш қиламиз, зеро, бу рўйхатда яхши поғонага кўтарилганмиз. Ҳамкасблар Қозоғистон тажрибасидан фойдаланиш ниятини билдиряпти. Биз қатор масалаларда бошқа давлатларга туризмни ривожлантириш учун технологиялар тақдим эта оламиз.

Абдумалик Сарманов таржимаси.