Қозоғистонда грантлар кўпаяди, стипендия оширилади

Қозоғистонда грантлар кўпаяди, стипендия оширилади

Қозоғистонда яқин келажакда дастлабки онлайн-университетлар очилади. Олий таълим тизимининг янги воситаси хусусида тегишли вазирликнинг кенгайтирилган мажлисида маълум қилишди. Таълим ва фан вазири ўринбосари Қуаниш Ерғалиевнинг маълум қилишича, университетларда таълим олиш учун бериладиган грантлар сони 5 мингтага оширилади, шундан 60 фоизи техник ихтисосларга тақсимланади.

Қуаниш Ерғалиев, Қозоғистон Республикаси Таълим ва фан вазири ўринбосари:

- Техник ва IT-йўналишларга ажратиладиган грантлар 40 фоиздан 60 фоизгача орттирилади. Ғарбий минтақалар мактаблари битирувчилари ва жамоат тартибини ҳимоя қилишда ҳаётини қурбон қилган ҳарбий хизматчилар, тегишли органлар ходимларининг оилаларига, шунингдек, олимпиада ва танловларда ғолиб чиққан иқтидорли болаларга таълимий грантлар ажратиш масаласи кўриб чиқиляпти.

Шунингдек, вазирликда таъкидланишича,  жорий йил 1 сентябрдан бошлаб Давлат раҳбари топшириғига кўра, мамлакат олий ўқув юртлари талабалари стипендияси 20 фоизга,  магистрант ва докторантларники 15 фоизга кўтарилади. Жорий йилда коллежларда таълим олиш учун давлат буюртмаси ҳажми кенгайтирилади. 120 мингдан зиёд қозоғистонлик техник ва касб таълими олиш имкониятига эга бўлади. Бу эса 2021-2022 ўқув йилидагидан 25 мингтага кўп.

Абдумалик Сарманов таржимаси