Қозоғистон ноёб ва йўқолиб бораётган жонзотлар БИОБАНКи ташкил этиляпти

Қозоғистон ноёб ва йўқолиб бораётган жонзотлар БИОБАНКи ташкил этиляпти

Қозоғистонда махсус биологик намуналар банки ташкил этилади. Унга мамлакатдаги ноёб ва йўқолиб бораётган 20 қуш ва ҳайвонлар, 60 дан кўпроқ ўсимликлар киритилади. Пойтахтдаги Биотехнологиялар миллий маркази олимлари вазирлик дастури доирасида  бу йўналишда тадқиқот ишлари олиб бормоқда.

Айгерим Акимжанова, мухбир:

- Табиатни муҳофаза қилиш халқаро кенгаши берган маълумотга кўра дунёда 40 мингга яқин ҳайвон ва ўсимлик турлари йўқолиб кетиш арафасида турибди. Энг янги технологиялар туфайли Биотехнологиялар миллий маркази криоген усулда музлатилган намуналар келажакда мамлакатимиз биологик хилма-хиллигини тиклаш учун хизмат қилиши мумкин.

Ноёб ва йўқолиб бораётган ўсимликлар ҳамда ҳайвонлар тўқималари ҳамда ҳужайраларини криоконсервациялаш жараёни шу кунларда устун ҳужайралар лаборатория мутахассислари томонидан амалга ошириляпти. Биологик материал намуналари «крипротектор»га боргунича бир қанча муҳим босқичлардан ўтади, сўнгра узоқ муддат давомида махсус криоомбор ёки криобанкда сақланиши мумкин.  Мутахассислар таъкидлашича, минус 196 даражага тенг суюқ азотда бу намуналар ўн йиллар давомида бузилмайди. 

Вячеслав Огай, биотехнологиялар миллий маркази устун ҳужайралар лабораторияси мудири:

- Дастлаб намунани оламиз в уни криобанкка қўйишга ҳозирлаймиз. Бу жараён бир қанча босқичдан иборат бўлади. Аввал ажратиш, ўстириш, тўлиқ жиҳатларини ўрганиб чиқиш керак. Намуналар жуда узоқ вақт, 50 йиллаб сақланиши мумкин. Бундан мақсад-муддао нима? Дейлик вақти келиб жонзотни клонлаш, популяциясини тиклаш зарур бўлиши мумкин, ўшанда биз бугунги кунда музлатиб, сақлаб қўйган биологик материал жуда асқотади.

Қозоғистн олимлари ишлатаётган энг янги биотехнологиялар тўлиқ йўқолиб кетиши эҳтимоли мавжуд бўлган турларнинг қайта тикланиши учун имконият яратади. Шуни ҳам айтиш керакки, биобанк яратиш жараёнида бирорта фауна вакили жабрланмади. 

Ерлан Раманқулов, биотехнологиялар миллий маркази бош директори:

-  ДНК тирик индивидлардан ҳам, қачонлардир жон берганларидан ҳам олинади. Бизда турли-туман манбалар бўлиши мумкин. Ҳайвонот боғидаги ҳайвонлардан ҳам олишимиз мумкин. Уларда йўқолиб бораётган турлар вакиллари анчагина борлиги сир эмас. Қизил китобга киритилганлари ҳам кўп. Шунингдек, бизда браконьерлардан тортиб олинган жониворларнинг намуналари ҳам бор.

20 та ҳайвон ва қуш турлари қаторига марал,  кийик, сайғоқ, жингалак пеликан, дашт бургути, Қаратау архари, Тянь-Шань қўнғир айиғи ва бошқа қимматли Қозоғистон фаунаси вакиллари киритилган.

 

 

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.