Қозоғистон
ва Хитойнинг тиббиёт соҳасидаги ҳамкорлиги
муваффақиятли ривожланяпти. Астанадаги Биотехнологиялар миллий маркази базасида қўшма лаборатория очилиши маросими бўлиб ўтди. Унда геном секвестрлаш,
биомаркерлар тадқиқоти, ракка ташхис қўйиш
ва уни даволашнинг янги усуллари устида иш олиб борилади. Қозоғистондаги бу йўналишдаги дастлабки лаборатория онкологик касалликлар ташхисини
кенгайтириш имконини беради. Унда инновациявий геном ва омик технологияларидан
фойдаланилади. Замонавий ускуналар турли тадқиқотлар ўтказиш ва Қозоғистон тиббий
муассасаларига кадрлар тайёрлаш имконини беради. Келажакда бошқа касалликлар
бўйича тадқиқотлар кенгайтирилади. Ҳозир эса пренатал ташхислар ва йўғон ичак раки бўйича иш олиб бориляпти. Бир йилдан кейин реагентлар устида тадқиқотлар
бошланади.
Ерғали Абдураимов, «Qazbiopharm» Миллий ҳолдинги ҲЖ» бош директори:
- Холдингга биринчи
навбатда унга тегишли компаниялардан тайёргарлик кўрган кадрларни жалб этамиз.
Айни вақтда, тадқиқотлар ўтказиш учун бошқа тиббиёт муассасаларидан амалий иш
билан шуғулланаётган врачлар ва лаборантлардан кадр тайёрлаймиз. Ишимизнигнг
иккинчи босқичида тадқиқотлар учун реагентлар, онкологик касалликларни аниқлаш
учун тест тизимлари ишлаб чиқаришга киришамиз. Биз BGI Group компанияси билан
ўз базамизда бундай тизимлар тайёрлаш ҳақида келишиб олдик. У режаларимиз
рўёбга чиқишининг иккинчи босқичи бўлади.
Инь Е, BGI Group бош директори:
- Тўрт йил аввал Қозоғистондаги ҳамкорларимиз билан бирга «COVID-19»га қарши курашгандик. Мазкур тажриба асосида юқумли касалликлар скринингини такомиллаштириш, кўплаб беморларга хизмат кўрсата оладиган юқори аниқликда ишловчи тиббиёт яратишга қарор қилдик. Улар қаторида Genomics ёки Omics Lab деб аталадиган препаратлар туркумини ишлаб чиқамиз. Хитойда ишлатилаётган илғор технологиялардан Қозоғистонда ҳам фойдаланиш ниятидамиз. Шунингдек, маҳаллий компаниялар туғма касалликларни юқори аниқликдаги ташхис қилиш усулларини ўрганиши учун қисқа таълим курсини ишга туширамиз.
Абдумалик Сарманов таржимаси