«Суперасфальт» технологияси стандартлари ишлаб чиқилади

«Суперасфальт» технологияси стандартлари ишлаб чиқилади

Қозоғистонда автомобиль йўлларининг хизмат муддатини узайтириш ва асфальт-бетон қоплама сифатини ошириш учун янги технологиялардан фойдаланилади. Ҳозир «Superpave» йўлларни лойиҳалаштириш тизими жаҳоннинг 30 давлати, жумладан, АҚШ, Канада, Саудия Арабистони, Япония, Жанубий Кореяда ишлатилади. Технологиянинг асосий ўзига хос жиҳати шундаки, PG Grade шкаласи асосида лаборатория таҳлили кўрсаткичларига мувофиқ йўл қурилаётган жойга мос асфальт-бетон аралашмаси ишлатилади. Тайёрлашда иқлим шароити, йўлга тушадиган юклама, транспорт қатнови ва сўнгги 20 йил ичидаги ҳарорат кўрсаткичлари ҳисобга олинади. Қозоғистонда суперасфальт олдинига мослаштирилади, сўнгра ишлаб чиқаришга жорий этилади. «Қозоғистон йўл қурилиши» илмий-тадқиқот институти олимлари миллий стандартларни ишлаб чиқмоқда. Меъёрий ҳужжатларга кўра асфальт-бетон заводлари иш бошлайди.

 

Манарбек Жумамуратов, «Қозоғистон йўл қурилиши» илмий-тадқиқот институти кичик илмий ходими:

– Янги «Superpave» технологиясини жорий этиш бўйича давлат топшириғига кўра, Қозоғистон иқлим зоналарида органик бириктирувчи моддаларнинг хоссаларини аниқлаш учун лаборатория тадқиқотлари ва синовлар ўтказилмоқда.

 

Қайрат Мухамбетқалиев, «Қозоғистон йўл қурилиши»  илмий-тадқиқот институти янги технологиялар бошқармаси раҳбари:

– Бу технологиянинг устун жиҳати шундаки, асфальт-бетон қопламанинг хизмат муддати бир ярим-икки марта узаяди. Шу тариқа, йўллардаги камчиликлар, ёриқлар, сурилишлар ва бошқа нохуш ҳолатларга қарши курашмоқчимиз. Ҳозирда лаборатория синовлари ўтказиляпти.

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.