Астанада кўкпар бўйича ёрқин ва мароқли турнир ўтказилди. Астана шаҳри ва Америка Қўшма штатлари терма жамоалари ўртоқлик учрашувлари ўтказди. Бу ўйин от спорти мухлислари учун кутилмаган совға бўлди. Америка жамоаси кўп йиллардан буён бундай беллашувларда қатнашиб келади, шу жумладан, мамлакатимиз спортчилари билан учрашувларда ҳам маҳоратини чархлаган.
Лэдд Хауэлл, кўкпар кўйича АҚШ миллий терма жамоаси капитани:
– Энг аввало қозоқ халқига миннатдорчилигимни айтмоқчиман. Бизни жуда илиқ кутиб олишди. Барчамиз Қозоғистонга келганимиздан мамнунмиз. Бугун ғаройиб кун бўлди. Биз қозоқ халқи чавандозликда беназир эканлигини биламиз. Бу жамоа билан кўкпар ўйнаш, биргаликда шуғулланиш биз учун улкан шараф.
Кўкпардан ташқари пойтахт ипподромида аудариспақ, тенге илу, камон отиш ва қиз қувиш ўйинлари ҳам намойиш этилди. Эслатамиз, Қозоғистонда бугун Миллий спорт куни нишонланяпти. Пойтахт аҳли вва меҳмонлари номадларнинг анъанавий ўйинларини томоша қилди, камон отиш ва тўғизқумалоқ ўйинларидан бепул мастер-классларда қатнашди. Истовчилар този ва бургут билан ов қилиш санъатини кузатиш имконига эга бўлди.
Исламбек Салжанов, Қозоғистон Республикаси миллий спорт турлари хамжамияти президенти:
– 20 март – Миллий спорт куни. У барчамизнинг байрамимиз. Миллий спорт турлари ҳамжамияти, атлетлар ва ишқибозлар бу кун шукуҳини яхши билади. Бундай тадбирлар миллий спорт турлари ривожланиши, оммалашишига туртки беришига имонимиз комил. Сўнгги йилларда Давлат раҳбари Қосим-Жўмарт Тўқаев ёрдами туфайли миллий спорт фаол ривожланяпти. Сентябрда Астанада йирик тадбирлар ўтказиляпти. V Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларида 100 дан зиёд давлатдан 5 минг нафар спортчи қатнашади, 15-20 минг хорижлик турист ўйинларни томоша қилишга келади.
Таъкидлаш лозимки, Миллий спорт турлари ҳамжамиятига 10 та оммавий спорт федерациялари киради. Ўтган йили мамлакатимиз спортчилари 12 та йирик беллашувда қатнашди ва 95 медаль олди.
Абдумалик Сарманов таржимаси.