Йил охиригача Қозоғистонда йўллардан фойдаланишни бошқариш
тизими ишга тушади. Унда ҳар бир объектга оид паспорт маълумотлари ва уларнинг
аҳволини текшириб чиқиш натижалари жамланади. Бу эса кўприк ва ўтиш жойларини
меъёрида тутиб туриш учун зарур бюджетни автоматлаштириш имкониятини беради. Энг
муҳими, мавжуд нуқсонларни эрта аниқлаш ва бартараф этишга замин яратади. Экспертлар
фикрича, бунинг натижасида кўприклар кўнгилдагидек ишлаши учун сарфланаётган
харажатлар камаяди. Эслатамиз, Қозоғистон Йўлсозлик илмий-тадқиқот институти
мутахассислари йил бошидан буён рақамли база яратиш билан машғул. Улар Дания, Финляндия,
Германия, Швейцария ва Буюк Британия тажрибасига суянган ҳолда иш тутяпти.
Бугунги кунда дастур прототипи мавжуд, тизим интерфейси дизайни ишланмоқда. Бундан ташқари, автомобиль
кўприклари ва йўлдан ўтказиш жойларининг техник ҳолатини баҳолаш усули ишлаб
чиқилди.
ҚАЙСАР ШАЛҚАР, ҚОЗОҒИСТОН ЙЎЛСОЗЛИК ИЛМИЙ-ТАДҚИҚОТ ИНСТИТУТИ
ДЕПАРТАМЕНТИ БОШ МУТАХАССИСИ:
– Келажакда мониторинг модули ишга туширилади. Тоифаларга кирмайдиган улкан кўприклар бор, уларни қуриш ва фойдаланишда эҳтиёткорлик, нозик ёндашув талаб қилинади. Чўкиши, силжиши бўйича сезгир датчиклар ўрнатиш лозим. Келажакда биз бу талабларни республика автомобиль йўлларигагина эмас, шаҳар кўприкларига ҳам жорий этамиз.
Қозоғистондаги республика
аҳамиятига эга йўлларда жами бир ярим мингдан зиёд кўприк ва бошқа
иншоотлар бор. Ҳозир Алмати, Жамбил, Туркистон, Ақмўла, Шимолий Қозоғистон ва Павлодар
вилояти бўйича олинган тадқиқот ишлари таҳлил қилиняпти. Шу кунгача тўртта
иншоот ахборот тизимига киритилди. Йил охиригача яна 16 та кўприк базага
киритилиши режалаштирилган.
Абдумалик Сарманов таржимаси