Қозоғистонда авиация соҳасидаги юксалиш Еврокомиссия томонидан таъкидланди

Парвозлар хавфсизлиги ҳамма нарсадан устун. Европа комиссияси аъзолари мамлакатимиз авиацияда эришган юксалишни алоҳида таъкидлади. Энг аввало, хорижлик экспертлар республика авиациясида парвозлар хавфсизлиги борасидаги камчиликларни аниқлаш ва назорат қилиш ишлари яхши йўлга қўйилганини тилга олди. Мутахассислар техник ходимларни ишга олиш ва улар тайёргарлиги, давлат томонидан кўрилган сифатли бошқарув тизими жорий этишдаги тадбирларга ҳам юқори баҳо берган. Шунингдек, Еврокомиссия парвозлар бехатарлиги қўмитаси мутахассислари республиканинг техника тараққиётига стратегик ёндашувини ҳам алоҳида кўрсатиб ўтди. Бу ҳақда Қозоғистон авиация администрацияси раҳбари Питер Гриффитс маълум қилди. Унинг айтишича, бугунги кунда маҳаллий авиация муҳим тадбир  - парвозлар бехатарлиги бўйича ИКАО аудитига тараддуд кўрмоқда. У 2022 йилда ўтказилиши белгиланган.

ПИТЕР ГРИФФИТС, «ҚОЗОҒИСТОН АВИАЦИЯ АДМИНИСТРАЦИЯСИ» АЖ БОШ  ДИРЕКТОРИ:

- Ушбу талабларга мувофиқлик Қозоғистон авиаташувчиларига халқаро парвозларни амалга ошириш имконини беради. ИКАО талабларига мослик фоизи қанчалик юқори бўлса, халқаро парвозларни амалга ошириш имкони шунча ошади ва Қозоғистон ҳукумати олдимизга Американинг авиация бўйича федерал агентлиги сертификатлаштириш талабларидан ўтиш ва халқаро парвозлар учун CAT-1 категориясига эга бўлиш вазифасини қўйган.

Қозоғистон ИКАО тавсия қилган стандартларга мослик кўрсаткичини 80 гача яхшилаши, мустаҳкамлаши лозим. Дарвоқе, ҳозирда бу кўрсаткич 74 фоизга тенг. Питер Гриффитс айтишича, аудитга мажмуавий тараддуд бошланган – техник ходимларни йиғиш ва ўқитиш, шунингдек, айти-инфратузилма яратиш  ишлари давом этади. Қолаверса, «Транспорт масалалари бўйича бир нечта қонунчилик ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш» тўғрисидаги Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.