Археологлар қадимий Сиғаноқ сирларини очмоқда

Археологлар қадимий Сиғаноқ сирларини очмоқда

Қозоғистон археологлари Қизил Ўрда вилоятидаги ўрта асрларга оид Сиғаноқ шаҳри тарихининг янги саҳифаларини очяпти. Икки йил муқаддам навбатдаги қазув ишлари давомида яна бир иншоот мавжудлиги аниқланганди. Йирик савдо ва ҳунармандчилик марказида 21-хоналик уй-жой биноси топилди. Олимлар фикрича, тарихий объект шаҳарнинг асосий кўчасида жойлашган.

Бақдаулет Сиздиқов, Археология илмий-тадқиқот институти илмий ходими:
- Қозоқ хонлиги даврида, 17-18 асрларда қурилган уй топилди. Каминлар ва ваннали хоналарга эга. Интерьери қизиқарли. Ёғоч ва ғишт, тош ишлатиб қурилган.

Тупроқ қатламининг остида куйган ёғоч иншоотлар элементлари ҳам  топилди. Археологлар фикрича, бу - душманлар ҳужумида вайрон бўлган уйлар харобалари. Топилган материаллар синчиклаб ўрганиляпти ва музейга топшириляпти.

Кўпжасар Жетибаев, Археология илмий-тадқиқот институти директори:
- Топилган артефактларни биз Қизил Ўрда вилоят музейига топширамиз. Ўтган йили халқаро таркибда қазув ишларини олиб бордик. Аёл киши дафн этилган қадимий мозорда тилла тақинчоқлар топилди. Улар орасида зираклар, билагузуклар ҳам бор.

Ҳозир Сиғаноқда асосий дарвоза реконструкция қилиняпти. Мутахассислар қадимий кириш жойининг моделини ишлаб чиқишди. Яқин келажакда Буюк Ипак йўлида жойлашган қадимий шаҳар очиқ осмон остидаги музейга айлантирилади. У Марказий Осиё минтақасининг туристларини ўзига жалб этиши кутилмоқда.

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.