Алмати аҳли ва мегаполис меҳмонлари кўчманчиларнинг бой маданияти билан танишиш имкониятига эга бўлди. Алмати шаҳрида «Буюк Дашт – Кўчманчилар дунёси» халқаро этнофестивали ўтказилди. «Бўралдай сак қўрғонлари» археологик парки ҳудудида 50 та ўтов, шунингдек алтибақанлар ва тош тегирмондан иборат этноовул тикланди. Алмати шаҳри ҳокимлиги ташкил этган анжуманда узоқ ўтмиш муҳити шаклланди. 2 кун ичида 10 минг нафардан зиёд меҳмонлар Буюк дашт номадлари ҳаётига шўнғиди: қозоқ миллий таомларини тановул қилишди, жанговар ўйинлар, мерганлар беллашуви, айтишувлар, амалий ҳунар мастер-классларида қатнашишди. Фестивалда 10 дан зиёд давлатдан келган энг машҳур этномусиқачилар ва спортчилар қатнашди.