Мажилисда зилзилага бардошлилик масаласи кўрилди

Мажилисда зилзилага бардошлилик масаласи кўрилди

Ер қимирлаши эҳтимоли катта бўлган ҳудудларда иш олиб бораётган қурилиш компанияларига қўйиладиган талаблар қатъийлашиши лозим. Мажилис пленар йиғилишида маъруза қилган Фавқулодда вазиятлар вазири Юрий Ильин Қозоғистон Ҳукумати ҳамда Фавқулодда ҳолатлар ва табиий офатлар эҳтимолини камайтириш маркази ўртасида тузилган шартномани ратификация қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси хусусида сўз юритди. Унинг таъкидлашича, республика ҳудудининг 40  фоизида зилзила юз бериши эҳтимоли катта. Сўнгги юз йил давомида кучли ер қимирлаши кузатилмаган бўлса ҳам, Туркиядаги вазият хавфсизлик чораларига эътибор бериш кераклигини кўрсатди.

Юрий Ильин, Қозоғистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазири:

- Биз эрта хабар бериш тизимини ривожлантиришни таклиф қиламиз. У нимадан иборат? Ер қимирлаши мумкин бўлган эпимарказ нуқталари бизга маълум, бундай марказлар эса тегишли датчиклар ўрнатилган тақдирда зилзила юз бериши мумкинлигини кўрсатувчи шарт-шароит юзага келган ҳолатларда халқ хабардор бўлиши учун автоматик шаклда шаҳарлар ва аҳоли манзилгоҳларига огоҳлантириш сигнали беради. Эпимарказдан аҳоли манзилигача силкинишлар етиб келиши учун зарур бўлган атиги бир неча сония кўплаб одамлар ҳаётини сақлаб қолиши мумкин. Стандартларга келганда, Қозоғистонда сейсмик хавфли ҳудудларда қурилиш ва лойиҳалашдаги меъёрлар қатъийлаштирилди. Табиийки, уларга сўзсиз риоя этиш лойиҳа ташкилотлари, қурувчиларнинг вазифаси. Иш сифати, унинг қандай бажарилиши асосан уларга боғлиқ.

Таъкидлаш лозимки, йил охиригача Алмати шаҳрида маҳаллий бюджет ҳисобидан 30 та станция фойдаланишга топширилади. Улар зилзила юз бериш эҳтимолларини аниқроқ таҳлил қилиш имконини беради. Вазир таъкидлашича, бинолар ва иншоотлар чидамлилигини ўлчаш учун замонавий ускуналар харид қилиш масаласи кўриляпти. Бу ишга япон мутахассисларини жалб этиш мўлжалланган.

Абдумалик Сарманов таржимаси