Алатау шаҳрига алоҳида мақом берилади. Қозоғистон Парламенти депутатлари қўшма йиғилишда Конституциявий қонунни қабул қилди. Ҳужжат имзо учун давлат раҳбарига юборилди. Мамлакатда дастлабки смарт-шаҳар алоҳида бошқарув, молиявий ва тузилмавий мустақиллик тартибига кўра шаклланиши кутилади. Бу ерда бизнес ва инвесторлар учун қулай шароит яратилади. Тадбиркорларга лицензия берилади, сармоядорлар эса солиқ префренцияларига умид боғлаши мумкин. Шунингдек, улар ҳуқуқлари муҳофазасига кафолат кучайтирилади. Хусусан, Алатауда бизнесни текшириш фақат Бош прокуратура органлари томонидангина ўтказилиши кўзда тутилган. Таъкидлаймиз, 2 триллион тенге миқдоридаги 44 та инвестлойиҳа жамланмаси шакллантирилган. Уларни рўёбга чиқариш Алатауда фан, туризм, тиббиёт ва инновациялар марказини юзага келтиришга замин ҳозирлаши кутилмоқда.
Нуртай Сабильянов, Қозоғистон Республикаси Парламенти Мажилиси депутати:
- Рақамли бирламчилик тамойилини такомиллаштириш мақсадида, депутатлар тузатишларига кўра, ободонлаштириш, муҳандислик, транспорт ва уй-жой-коммунал инфратузилмаси, шунингдек, ижтимоий хавфсизлик тизими каби шаҳар хўжалиги соҳаларига оид барча маълумотлар ягона рақамли платформага киритилади.
Канат Бўзумбаев, Қозоғистон Республикаси Бош вазири ўринбосари:
- Давлат раҳбари топшириғига мувофиқ ишлаб чиқилган Конституциявий қонун Алатау шаҳрининг махсус ҳуқуқий асосини шакллантиради ва мамлакатда илгари бўлмаган ёндашувлардан иборат. Ушбу ташаббус шаҳар учун янги имкониятларни очиб беради. Шубҳасиз, улар Алатау тараққиёти, уни янги босқичга кўтариш учун хизмат қилади.
Абдумалик Сарманов таржимаси

