Кон-металлургия мажмуаси Қозоғистон саноатининг ҳаракатлантирувчи кучи бўлиб қоляпти. Мамлакат конларни ўзлаштириш, юқори қўшимча қийматга эга ишлаб чиқаришларни яратишга эътибор қаратмоқда. Пойтахтда Бельгия, Буюк Британия, Европа Иттифоқи, Канада, Хитой, Бирлашган Араб амирликлари, Саудия Арабистони, АҚШ, Жанубий Корея, жами 16 давлатдан бир ярим мингта делегатиштирокида ўтган Astana Mining & Metallurgy халқаро конгрессида ушбу масалалар асосий мавзуга айланди. Давлат органлари, бизнес ва дунёнинг етакчи компаниялари вакиллари майдончада хомашёни чуқур қайта ишлаш, юқори технологик йўналишлар учун маҳсулот ишлаб чиқариш, саноатга рақамли ва сунъий идрок ечимларини жорий этиш лойиҳаларини муҳокама қилди. Қозоғистон Бош вазири таъкидлашича, ўта муҳим минералларни ўзлаштириш, янги металлургия корхоналарини ривожлантириш ва стратегик инвесторларни жалб қилиш соҳанинг устувор йўналишлари қаторида. Ўлжас Бектенов бундай йирик лойиҳаларни амалга ошириш учун Қозоғистон инвестиция муҳитини такомиллаштираётгани, саноат инфратузилмасини ривожлантириб, юқори сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун шароит яратганини таъкидлади. Геология-қидирув ишларига ҳам эътибор қаратилмоқда. Келгуси 2 йилда унга 470 миллион доллар йўналтирилади. Қозоғистонда геологик хариталар тайёрланяпти, натижада, ер қаърининг ўрганилган майдони 2 миллион квадрат километрдан ошади.
Ўлжас Бектенов, Қозоғистон Республикаси Бош вазири:
- Мамлакатимизнинг янги Конституцияси Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев сиёсатининг институционал асосларини мустаҳкамлайди. У мулк ва инвестицияларни ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиради, қонун устуворлиги тамойилларини мустаҳкамлайди, мамлакатнинг узоқ муддатли иқтисодий ривожланиши учун барқарор пойдевор яратади. Кон-металлургия мажмуасини янада ривожлантириш учун бунинг аҳамияти катта. Ер ости бойликларидан фойдаланиш, металлургия ва чуқур қайта ишлаш соҳаларида йирик лойиҳаларни амалга ошириш катта сармоя ва узоқ муддатли инвестиция циклларини талаб қилади. Шу боис, институтлар барқарорлиги, бизнес ишончи соҳа ривожланишининг энг муҳим шартларига айланяпти.
Абдумалик Сарманов таржимаси.

