Қозоғистон ва Ўзбекистон чегаралар демаркациясини якунлади. Икки давлат президентлари тегишли ҳужжатни имзолади. Эслатамиз, бу жараён 19 йил давом этган. Икки давлат ўртасидаги сарҳадлар икки минг километрдан зиёд.
Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг Тошкентга давлат сафари давомида яна бир ҳужжат – Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисида шартнома имзоланди.
ҚОСИМ-ЖЎМАРТ ТЎҚАЕВ, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ:
– Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисида шартнома имзоланиши давлатларимиз ўртасидаги муносабатлар намунали даражада эканлигини тасдиқлайди. Агар ушбу ҳужжат тарихий аҳамиятга эга, десак, асло муболаға бўлмайди. Ушбу ўта муҳим шартнома янги уфқлар очади, у икки давлат янада яқинлашишга интилишини акс эттиради.
Томонлар салкам 8 миллиард доллар қийматга эга шартнома ва меморандумлар имзолади. Улар саноатдан қишлоқ хўжалигигача бўлган соҳаларни қамраб олган. Инновациявий лойиҳалар рўёбга чиқарилади, товар экспорти ортади.
ТИМУР СУЛЕЙМЕНОВ, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ДЕВОНИ РАҲБАРИНИНГ БИРИНЧИ ЎРИНБОСАРИ:
- Ўзаро имзоланган келишувлар ҳажми 8 миллиард долларга, яъни Ўзбекистон Республикаси ялпи ички маҳсулотининг 10 фоизига етди. Бугунги геосиёсий, иқтисодий вазиятда Марказий Осиё интеграцияси истак эмас, заруратга айланди. Иқтисодиётни янада ривожлантиришни, аҳоли фаровонлигини оширишни истасак, айни вақтда, Қозоғистон ҳақида ҳам, Ўзбекистон ҳақида ҳам гапиряпман, Марказий Осиё интеграциясини тўла-тўкис рўёбга чиқаришимиз шарт.
Бундан ташқари, икки давлат президентлари янги корхоналар иш фаолиятини бошлаб берди. Қозоғистон инвестициялари Навоий вилоятида фосфор ва мажмуавий минерал ўғитлари ишлаб чиқаришга йўналтирилади. Юз миллион доллар маблағ Ўзбекистонда мультимодал логистика маркази қуришга ишлатилади. Бундан ташқари, юртимиздаги қурилиш компаниялари маҳаллий бозорларга кирмоқда. Уларга уй-жой мажмуалари, мактаб ва поликлиника қуриш учун 400 гектар ер ажратилган. Қозоғистонда эса автомобилсозлик, электрон техника ва инфузиявий эритмалар ишлаб чиқариш учун энг яхши технологиялар жорий этилади.
Абдумалик Сарманов таржимаси