Қозоғистон ва Ўзбекистон Парламентлараро ҳамкорлик кенгашини тузади. Икки давлат парламент спикерлари тегишли келишувни имзолади. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси раиси Нурдинжон Исмоилов айтишича, парламентлараро мулоқотни фаоллаштириш сиёсий, иқтисодий ва маданий-гуманитар муносабатлар салоҳиятини оширишга, халқлар орасидаги дўстликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бундан ташқари, тарафлар стратегик шерикликнинг келгуси ривожи ҳақида сўз юритди.
Ерлан Кошанов, Қозоғистон Республикаси Парламент Мажилиси раиси:
- Мамлакатларимиз мустақилликка эришганидан бери бир-бирини қўллаб-қувватлаб келмоқда ва барча соҳаларда ҳамкорликни ривожлантиришга мустаҳкам асос яратилган. Кенгаш тузилиши икки давлат парламентларининг ўзаро алоқаларини янги мазмун билан бойитади, хусусан, икки мамлакат раҳбарлари эришган келишувлар амалга оширилишини қонунчилик билан таъминлайди.
Нурдинжон Исмоилов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис қонунчилик палатаси раиси:
– Бу муносабатларимиз тарихида янги форматдир. Бизнинг ҳамкорлигимизда янги формат. Бу кўп нарсани англатади. Ҳамкасбим тўғри айтди, бу ўтган йилнинг декабрь ойида президентимизнинг Қозоғистонга ташрифи доирасида эришилган келишувларни рўёбга чиқаришга қаратилган. Шу боис, Парламентлар бу ишга ҳисса қўшмоғи лозим.
Абдумалик Сарманов таржимаси