Астанада Буюк Ғалабанинг 80 йиллигига бағишланган ҳарбий парад ўтказилди. Йилнинг энг муҳим воқеаларидан бирида Қозоғистон армиясини куч-қуввати намойиш этилди. Унда 20 та парад расчёти қатнашди. Улар Қуролли кучларнинг барча қисмлари, ИИВ, МХҚ ва ФВВ қисмлари ходимларидан ташкил этилди. Параднинг тарихий қисми Улуғ Ватан уруши йиллари либосларида намойиш этилди. Сўнгра механизациялашган қисмлар ҳаракатланди. Айни вақтда, махсус колоннада Қозоғистон армиясининг тарихий ва замонавий қуроллари тақдим этилди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Юртдошларимизнинг урушдаги жасоратлари қозоқ халқининг нақадар жасурлигини яққол кўрсатди. 500 нафардан зиёд қозоғистонлик Совет Иттифоқи қаҳрамони унвонини олди. Уруш йилларида фронт орти меҳнаткашлари фидокорлик намуналарини кўрсатди. Қозоғистондан фронтга бир ярим минг вагон кийим-кечак жўнатилди. Республикага юзлаб корхоналар кўчириб келтирилди, бунёд этилди. Улар қисқа вақтда ҳарбий маҳсулотлар чиқара бошлади. Завод ва фабрикаларда қозоғистонликлар қурол-яроғ, ўқ-дори чиқаришди, кийим тикишди. Ўқларнинг ўндан тўққиз қисми Қозоғистон қўрғошинидан қуйилди.
Қозоғистонда Ғалабанинг 80 йиллигига мингалб кенг кўламли тадбирлар ўтказилди. Давлат раҳбари таъкидлашича, мамлакатда 500 та кўчага қозоғистонлик жангчилар номи берилади. Уруш қатнашчиларига бағишланган юриш ташкил қилинди. Инсоният тарихидаги энг қонли уруш иштирокчиларининг авлодлари уларнинг портретларини кўтариб ўтишади.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Глобал беқарорлик даврида Қозоғистоннинг асосий вазифаси – миллий манфаатларни ҳимоя қилиш. Ташқи сиёсатимиз мана шу мақсадни кўзда тутади. Қозоқ халқи тинчликни севади, айни вақтда жасур ва қатъиятли, ҳамиша «Жон – номус учун садақа» дейди.
Қозоғистон армияси мамлакат ҳудуди яхлитлиги ва фуқароларнинг тинч ҳаётини қўриқлаяпти, дея таъкидлади Президент. Республика Қуролли кучлари БМТнинг тинчлик ўрнатиш кучлари таркибида халқаро тинчлик ва барқарорликни таъминлашда қатнашаяпти. Мустақиллик майдонига парадни томоша қилиш учун 5 минг нафардан зиёд меҳмон - фахрийлар, фронт орти меҳнаткашлари, дипломатлар, халқаро ташкилотлар вакиллари, депутатлар, жамоат арбоблари, ёшлар ва ҳарбий-ватанпарварлик клублари тарбияланувчилари келди.
Абдумалик Сарманов таржимаси

