Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик кенгаяди, мустаҳкамланади. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Астанага давлат ташрифи давомида имзоланган келгуси 10 йилга мўлжалланган стратегик ҳамкорлик ва иттифоқчилик дастури икки томонлама ҳамкорликка янги туртки беради. Икки давлат президентлари Қозоғистон ва Ўзбекистон давлатлараро кенгашининг биринчи йиғилишида иштирок этишди. Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг фикрича, қисқа муддатда ўзаро товар айланмасини 5 миллиард долларга етказиш ҳамда яқин давр ичида уни яна икки марта ошириш имконияти бор. Қозоғистон маҳсулот экспортини яна 550 миллион долларга ошириш имкониятига эга.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
– Бугунги кунда умумий қиймати 3 миллиард доллардан зиёд бўлган 70 та лойиҳа бор. Машинасозлик, металлургия, автомобилсозлик, маиший техника ишлаб чиқариш, текстил саноати, фармацевтика ва бошқа соҳаларда лойиҳалар муваффақиятли рўёбга чиқариляпти. Натижада, 14 мингдан зиёд янги иш ўрини яратиш имконини беради. Энергетика, коммуникация, космик технологиялар ва рақамлаштириш каби соҳаларда катта имкониятлар очиляпти. Биз бу истиқболли йўналишларда ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратамиз.
Бундан ташқари, Давлатлараро кенгашда чегараоша оқувчи дарёлар сувидан мажмуавий ва самарали фойдаланиш, маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди. Томонлар халқаро ва минтақавий тузилмаларда бир-бирини қўллаб-қувватлаш ҳақида келишиб олди. Сўнгра Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Шавкат Мирзиёев Сиань қуруқ портидан Хитой – Қозоғистон – Ўзбекистон йўналиши бўйлаб келган контейнерни тантанали кутиб олиш маросимида қатнашишди. У салкам 4 ярим минг километр масофани атиги 5 суткада босиб ўтди. Таъкидлаш лозимки, ўтган йили мамлакатлар ўртасида 30 миллион тонна юк ташилди ва бу кўрсаткич 17 фоизга ўсгани кузатилди. Бу йўналишдаги интеграция ўзаро алоқаларни янада мустаҳкамлаш учун имконият яратади.
Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон Республикаси Президенти:
– Биз энг муҳим йўналишлардан бўлган минтақалараро алоқаларни ривожлантириш бўйича ишларни фаоллаштириш тўғрисида келишиб олдик. Мавжуд бўлган Минтақалараро ҳамкорлик форумини барча вилоят раҳбарларини жалб этган ҳолда Минтақалар раҳбарлари кенгаши шаклида қайта тузиш ташаббуси кўтарилди.
Бугун Қосим-Жўмарт Тўқаев икки давлат ўртасида дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси учун Ўзбекистон Президентига «Алтин Қиран» орденини топширди. Музокаралар якунига кўра, ушбу кунда қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, иқтисод, чегараоша савдо билан боғлиқ 15 та ҳужжат имзоланди.
Абдумалик Сарманов таржимаси.