Қозоғистонда иқтисодиёт 5 фоизга ўсган

Қозоғистонда иқтисодиёт 5 фоизга ўсган

Қозоғистонда иқтисодиёт жорий йилнинг биринчи ярмида 5 фоизга ўсди. Ҳукумат йиғилишида тегишли вазирлик раҳбари Алибек Қуантиров маълум қилишича, мамлакатнинг реал сектори ва хизматлар соҳасида ҳам ўсиш тахминан шундай бўлган. Энг юқори суръатлар ахборот ва алоқа, қурилиш ҳамда савдода кузатилган. Савдога киритилган сармоя миқдори салкам 35 фоизга ортди. Транспорт ва омборчилик соҳасида эса 60 фоизга. Умуман олганда, асосий капиталга киритилган инвестиция ҳажми 13 фоизни ташкил қилди. Вазир таъкидлашича, йилнинг биринчи ярмида машинасозлик, озиқ-овқат маҳсулотлари,  пластмасса ва бошқа маҳсулотларни ишлаб чиқаришда ижобий ўзгаришлар юз берган.

АЛИБЕК ҚУАНТИРОВ, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МИЛЛИЙ ИҚТИСОДИЁТ ВАЗИРИ:

- Январь-май ойларида ташқи савдода товар айланмаси 8 фоизга кўпайди ва 55,8 миллиард долларни ташкил қилди. Экспорт 31,6 миллиард долларни, шу жумладан, қайта ишланган товарлар экспорти 3,8 фоизга ўсиб, 10,2 миллиард долларни ташкил қилди. Импорт 24,2 миллиард доллар билан чекланди. Ижобий савдо баланси 7,4 миллиард долларни ташкил қилди.

Ўз навбатида, Ҳукумат раҳбари иқтисодиётнинг ўсиш суръатларини йил охиригача сақлаб қолишни топширди. Унинг таъкидлашича, шундагина  қозоғистонликлар турмуш даражаси сезиларли равишда яхшиланади. Нарх-навони  ҳам тизгинлаш керак. Таъкидлаш лозимки, Қозоғистонда 4 ойдан буён инфляция суръати пасайиб бораётгани кузатилмоқда.

АЛИХАН СМАИЛОВ, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БОШ ВАЗИРИ:

- Нарх-навони бир зайлда тутиб туриш муҳим вазифалар қаторига киради. Кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида ярим йил ниҳоясига кўра инфляция йиллик ҳисобда 14,6 фоизгача пасайди. Жорий йилда биз уни 2 марта пасайтиришимиз зарур. Бу эса мувофиқлаштирилган ва олдиндан ўйланган чора-тадбирлар кўришни талаб қилади. Савдо вазирлиги инфляцияни режалаштирилган кўрсаткичгача пасайтириши лозим.

Шу билан бирга, Алихан Смаилов  мамлакатга янги стратегик ҳамкорларни жалб этиш зарурлигини таъкидлади. Унинг фикрича,  фаолиятнинг ҳар бир босқичида сармоядорлар билан самарали ишлаш лозим

Абдумалик Сарманов таржимаси