Жорий йилнинг 7 ойи давомида Қозоғистон ва Венгрия ўртасида савдо ҳажми 79 миллион долларга етди. Ушбу мамлакат республиканинг Шарқий Европадаги асосий ҳамкори. Миллий иқтисодиёт вазирлиги берган маълумотга кўра, сўнгги 10 йил давомида Венгрия мамлакатга 226 миллион доллар инвестиция киритди. Қозоғистонда венгер капитали иштирокидаги 29 компания ва 41 қўшма корхона мавжуд. Қозоғистон ва Венгрия иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш борасида мунтазам мулоқотда. Пойтахтда ўтказилган бизнес-форум натижасига кўра, томонлар саккизта ҳамкорлик тўғрисида шартнома тузди. Бу эса икки давлат иқтисодий ҳамкорлигини янада кенгайтиришга туртки беради.
Михай Варга, Бош вазир ўринбосари, Венгрия молия вазири:
- Биз кўп соҳаларда ҳамкорлик қиламиз. Масалан, яқинда қишлоқ хўжалик соҳасида шартнома тузилди. Венгриянинг йирик агрокомпанияси Қозоғистондаги ҳамкорлари билан бирга ишламоқчи. Фармацевтика соҳасини мисол қилиш мумкин, 2020 йилда Венгрия экспорт ҳажмини икки марта оширди. Мазкур келишувлар ҳамкорлигимизни кенгайтиришга ёрдам беради, янги имкониятларни ахтараётган бизнесменлар учун ижобий белги ҳисобланади. Менимча Қозоғистондаги ва Венгриядаги вакцинация дастури иқтисодиёт учун нисбатан қулай шарт-шароитлар яратади. Биргаликда кўпроқ бизнес-лойиҳалар ярата оламиз.
Абдумалик Сарманов таржимаси