Қозоғистон араб давлатлари билан алоқаларни кенгайтиради. 6-8 сентябрь кунлари Ташқи ишлар вазири Мухтар Тлеуберди Саудия Арабистонига амалий ташриф билан боради. Вазирлик расмий вакили Айбек Смадяров маълум қилишича, сафар давомида Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари Марказий Осиё давлатлари ҳамда Форс кўрфази Араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши вазирлари учрашувида қатнашади. Томонлар турли соҳаларда минтақалараро ҳамкорлик истиқболларини ҳамда бошқа қатор масалаларни муҳокама қилади. Музокаралар якунига кўра, махсус ҳужжат имзоланиши кутиляпти. У томонлар ўртасида олиб бориладиган келгуси фаолият тартибини белгилаб беради.
Айбек Смадяров, Қозоғистон Республикаси ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили:
- Унинг якунларига кўра, 2023-2026 йилларга мўлжалланган фаолият режаси ишлаб чиқилади, ушбу ҳужжат сиёсат ва хавфсизлик, иқтисодиёт, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, оммавий ахборот воситалари, ижтимоий масалалар, ёшлар ва спорт, транспорт, сув захиралари ва энергетика каби соҳаларни қамраб олади. Бундан ташқари, Қозоғистон вакили Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазири ҳамда араб давлатларининг қатор етакчи компаниялари раҳбарлари билан учрашади.
Рим Папаси Франциско Қозоғистон пойтахтига келади
Ташқи ишлар вазирлиги йирик халқаро анжуманга тайёргарлик ишлари ҳақида маълумот берди. Эслатамиз, 14-15 сентябрда пойтахтда Жаҳон ва анъанавий эътиқодлар етакчилари съезди ўтиши режалаштирилган. Сўнгги маълумотларга кўра, унда жаҳоннинг 50 давлатидан 100 дан зиёд делегация, 60 дан кўпроқ хорижий оммавий ахборот воситасининг 230 дан ортиқ вакили қатнашади. Фахрий меҳмонлардан бири – Рим Папаси Франциск мамлакатимизга илк марта ташриф буюради.
Айбек Смадяров, Қозоғистон Республикаси ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили:
- Умуман олганда, Католик черкови раҳбари Қозоғистонга аввал ҳам келган. Рим Папаси Иоанн Павел II 2001 йилда мамлакатимизга келган. Франциск Қозоғистонга ташриф буюрган иккинчи раҳбар бўлади. Бу эса жаҳонда катта таъсир кучига эга Муқаддас тахт Қозоғистоннинг тинчлик музокараларини мустаҳкамлашда тутган мавқейини тан олишини кўрсатади.