Сўнгги беш йил ичида 13 мингдан кўпроқ венгер сайёҳи Қозоғистонда бўлди. Худди шу даврда қозоғистонликларнинг 22 минг нафари Венгриянинг диққатга сазовор жойларини томоша қилган. Мутахассислар башоратига кўра, бу рақамлар йилдан-йилга фақат ошиб боради. Дарвоқе, Қозоғистон ва Венгрия биринчи бўлиб ўзаро миллий вакцинация паспортларини тан олди. Сентябрдан бошлаб, тарафлар ўртасида мунтазам авиаалоқалар қайта тикланди. Яқиндагина Будапештдан Нур-Султонга келган туристлар орасида журналистлар ҳамда венгер турфирмалари вакиллари ҳам бор. Хорижлик меҳмонлар қозоғистонлик ҳамкасблари билан учрашди, шунингдек, пойтахтдаги бир қатор маданий объектлар ва диққатга сазовор жойларда бўлди, мамлакат бош шаҳрининг туристик салоҳиятига баҳо берди.
Наталья Капустина, турфирма вакили /Венгрия/:
- Биз бу ерга журналистлар гуруҳи билан бирга келдик, келгусида янада кўпроқ венгер туристларини Қозоғистонга жалб этмоқчимиз. Шаҳар замонавийлиги, ўсишда давом этаётгани жуда ёқди, ЭКСПО эса ҳар қанча мақтовга арзирли. Ўйлайманки, салоҳият катта, янада ривожланиш имкони мавжуд, аммо ҳозир ҳам анча юксак даражада.
Давлатлар орасида икки томонлама шерикликни ривожлантириш учун салоҳият катта, бу ҳам савдо-иқтисодий, ҳам инвестициявий ҳамкорликка оид. 2005 йилдан бери Венгриядан Қозоғистонга киритилган тўғридан-тўғри хорижий инвестиция миқдори 258 миллион долларга тенг. Бугунги кунда Қозоғистонда венгер капитали иштирокида фаолият юритаётган 28 та компания ҳамда 41 та қўшма корхона мавжуд. Томонлар ўртасида тиббиёт туризми, агросаноат мажмуаси, қайта тикланувчи энергетика, транспорт, логистика ва молия соҳаларидаги қўшма лойиҳаларни амалга оширишга доир келишувлар тузилган.
Хуршида Абдуллаева таржимаси