Бугун
Давлат раҳбарининг
Тожикистонга давлат ташрифи
бошланди. Душанбе аэропортида Қосим-Жўмарт Тўқаевни Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон кутиб олди. Кутиб олувчи томон ҳаво дарвозасида тожик гуруҳлари
иштирокида концерт ташкил этди. Шунингдек, Қурманғазининг Адай куйига рақс намойиш этилди.
Расмий кутиб олиш маросими «Қасри
Миллат» саройида давом
этди. Қозоғистон
Президенти шарафига 21 та артиллерия залпи берилди. Қозоғистон ва Тожикистон давлат мадҳиялари ижросидан
сўнг Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Эмомали Раҳмон расмий делегация аъзоларини бир-бирига таништирди.
Сўнгра давлат раҳбарлари тор форматда музокаралар ўтказишди. Президентлар
савдо-иқтисодий, транзит-транспорт, энергетика, маданий-гуманитар ҳамкорлик,
шунингдек, рақамлаштириш, қишлоқ хўжалиги ва сув захиралари юзасидан биргаликда
иш тутиш имкониятларини муҳокама қилди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Қозоғистон ва Тожикистон орасидаги муносабатлар амалда
барча йўналишларда муваффақиятли ривожланиб келяпти. Биз содиқ иттифоқчилармиз.
Тожикистоннинг Қозоғистонга бўлган муносабатини қадрлаймиз. Лекин ярим йўлда
туриб қолиш ярамайди, биз илгарилашимиз лозим. Ушбу ташрифдан мақсад –
ҳамкорлигимизга янги туртки бериш. Бугун Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисида
шартнома имзоланди. Бу ҳужжат тарихий аҳамиятга эга.
Эмомали Раҳмон, Тожикистон Республикаси Президенти:
- Муҳтарам Қосим-Жўмарт Кемелевич, Тожикистонга хуш
келибсиз. Сизнинг давлат ташрифингиздан жуда мамнунмиз. Унинг натижалари
муносабатларимизга янги туртки беришига ишончим комил. Алоқалар сиёсий, савдо-иқтисодий,
маданий-гуманитар ва хавфсизлик соҳаларида фаол ривожланяпти.
Абдумалик Сарманов таржимаси