Қизил Ўрдада Давлат раҳбари Қосим-Жўмарт Тўқаев
раислигида Миллий қурултойнинг V йиғилиши бўлиб ўтди. Қозоғистон Президенти
парламент ислоҳоти тўғрисида батафсил маълумот берди ва бир палатали
Парламентни «Қурилтай» деб аташни таклиф қилди. Давлат раҳбари таъкидлашича,
унда ҳақиқий ватанпарварлар ва юқори малакали мутахассислар ишлайди, депутатлар
умумий сони 145 нафарни ташкил қилиши керак. Барча депутатлар пропорционал
тизим асосида сайланади. Бу сиёсий партияларнинг ташкилот сифатида аҳамияти ортиши,
жамият олдидаги масъулияти юксалишига замин яратади. Янги
Парламент 5 йил муддатга сайланади. Янги қонун чиқарувчи орган мамлакатда юз
бераётган кенг кўламли ўзгаришларни қонуний жиҳатдан таъминлаши даркор.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Бундан ташқари, қонун
қабул қилишнинг уч босқичли жараёни кўзда тутилган. Биринчи босқичда депутатлар
қонун лойиҳасига умумий баҳо беради, сўнгра ўзгаришлар киритади, кейин қонун
қабул қилинади. Шу тариқа, биз парламентни радикал
қайта тузишга қадар амалга оширилган ислоҳотларни давом эттирамиз. Давлатнинг
тузилмавий асосларини мустаҳкамлаш орқали «Кучли президент-таъсирли
Парламент-ҳисоб берувчи ҳукумат» тамойилига мос келадиган барқарор сиёсий тизимни яратамиз.
Президент бугунги Қозоғистон халқи Ассамблеяси ва
Миллий Қурултой вазифаларини ўз
зиммасига оладиган, Қозоғистон давлатчилиги ва мустақилликни мустаҳкамловчи мутлақо янги ташкилот – «Қазақстан Халиқ Кенгеси», яъни Қозоғистон халқ кенгашини ташкил
этиш таклифини берди. Бундан ташқари, янги давлат органида барча этнослар, аҳоли гуруҳлари ва
минтақалар вакиллари бўлади. Халиқ Кенгеси мамлакатнинг олий маслаҳат органи
бўлади. Унга 126 нафар: этномаданий бирлашмалар, йирик жамоат ташкилотлари,
маслихат ва минтақавий жамоат кенгашларидан тенг сонли вакиллар киритилиши
кўзда тутилган.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
Қосим-Жўмарт Тўқаев Қозоғистонда вице-президент институтини таъсис этишни таклиф қилди.
У давлат раҳбари томонидан Парламентнинг кўпчилик овоз билан тасдиқлаши орқали
тайинланади. Ваколатлар доирасини Президентнинг ўзи белгилайди.
Вице-президент халқаро
форумларда, хорижий давлатлар делегациялари билан музокараларда юртимиз
манфаатларини, Парламентда эса Президент манфаатларини тақдим этади, маҳаллий ва чет эл ижтимоий-сиёсий, илмий ва
маданий-маърифий ташкилотлар билан ўзаро алоқада бўлади.
Янги лавозим Конституцияда мустаҳкамланиши мумкин,
давлат маслаҳатчиси вазифаси
эса бекор қилинади. Умуман, давлат раҳбари таъкидлаганидек, олдинда
турган конституциявий ўзгаришлар миқёсига кўра янги Конституция қабул
қилинишига тенг. Дастлаб Асосий қонуннинг қирққа яқин моддасини ўзгартириш режа
қилинган эди, лекин иш давомида анча кўпроқ тузатиш лозимлиги маълум бўлди. Шу
боис, Қосим-Жўмарт Тўқаев 100 дан ортиқ экспертдан иборат
Конституциявий комиссия тузиш ҳақида қарор қабул қилди. Унинг иши натижасига
кўра умуммиллий референдум санаси маълум қилинади.
Абдумалик Сарманов таржимаси

