Қозоғистон ва Хитой энергетика соҳасида 8 та ҳужжат имзолади

Қозоғистон ва Хитой энергетика соҳасида 8 та ҳужжат имзолади

Энергетика - Қозоғистон ва Хитой орасидаги стратегик алоқаларни кенгайтиришда асосий ҳаракатлантирувчи куч бўлиб қолаверади. Бу соҳада технологик ривожланган экотизим шаклланиши кутиляпти. Яъни, икки давлат рақамли трансформация ва киберхавфсизлик лойиҳаларини ривожлантиради. Астанада «Марказий Осиё Хитой» минтақалараро энергетика форумида ушбу йўналишдаги қатор шартномалар имзоланди. Шу жумладан, янги келишувлар доирасида «яшил» энергетика салоҳиятини кенгайтиришга қаратилган ташаббуслар тақдим этилди. Таъкидлаш лозимки, ҳозирнинг ўзида Осмон ости мамлакати компаниялари иштирокида янгиланган энергия бўйича 30 та лойиҳа рўёбга чиқариляпти. Улар жами 1 минг 700 МВт мусаффо энергия чиқара олади.

Цифэн Цзюй, Powerchina компанияси бош директори ўринбосари /Хитой/:

- Шартнома узоқ муддатли стратегик ҳамкорликни кўзда тутади. Биз дунё бўйича «яшил» энергетика соҳасининг пешқадамлариданмиз. Қозоғистон билан ушбу йўналишда ўзаро алоқалар ўрнатганимизга анча йиллар бўлди. Ишлаб чиқаришни такомиллаштириш, илмий-тадқиқот марказлари бунёд этиш, карбонсизлантириш бўйича лойиҳалар ҳамкорлигимизни янада кенгайтириш имконини беради. Уларнинг асосий қисми мамлакат ичида муқобил энергия манбалари барпо этиш учун мўлжалланган.

Форум давомида барча соҳаларни ривожлантиришга қаратилган 8 та ҳужжат имзоланди. Хомашёни чуқур қайта ишлаш, технологик ҳамкорлик каби қатор йирик ишлаб чиқариш лойиҳалари рўёбга чиқарилади. Масалан, мамлакатда йилига 2 миллиард куб метр газ ва карбамид ишлаб чиқарувчи заводлар бунёд этиш бўйича шартномалар тузилди. Қозоғистон – Хитой нефть трубопроводларини кенгайтириш режалаштириляпти.

Ерлан Ақкенженов, Қозоғистон Республикаси Энергетика вазири:

- Биз Чимкент нефтни қайта ишлаш заводи қувватини икки марта - 12 миллион тоннагача ошириш тўғрисида қўшимча шартнома туздик. Бу эса келажакда ёнилғи тақчиллиги юз бермаслигини кафолатлайди. Газ соҳасини ривожлантиришга ҳаракат қиляпмиз. «QazaqGaz» ҳамда CNPC биргаликда «Шимол-1» лойиҳасини рўёбга чиқараяпти. У корхоналаримизга энергия ва экспортга маҳсулот чиқариш учун янги имкониятлар беради.

Абдумалик Сарманов таржимаси