Қозоғистон ва Озарбайжон президентлари Олий давлатлараро кенгашнинг иккинчи йиғилишини ўтказди

Қозоғистон ва Озарбайжон президентлари Олий давлатлараро кенгашнинг иккинчи йиғилишини ўтказди

Қозоғистон ва Озарбайжон президентлари Олий давлатлараро кенгашнинг иккинчи йиғилишини ўтказди. Бу формат икки томонлама алоқаларнинг ўзига хослигини яққол кўрсатади, дея таъкидлади Давлат раҳбари. Унинг шу қадар юксалишига эса Озарбайжон етакчиси Илҳом Алиевнинг шахсий ҳиссаси туфайли эришилди.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги зиддиятнинг тинч йўл билан ҳал қилиниши тўғрисидаги Декларациянинг тарихий аҳамиятини алоҳида таъкидлашни истардим. Сиз намойиш қилган сиёсий ирода ва келажакка нигоҳ мураккаб муаммоларни ҳал қилиш ҳамда келажак авлод тақдири учун масъулиятнинг ёрқин намунаси ҳисобланади. Ўзаро муносабатларимизга келсак, уларнинг салоҳияти катта. Имкониятларни рўёбга чиқариш учун ҳамма нарса: мустаҳкам сиёсий ишонч, умумий қадриятлар ва халқларимизнинг ўзаро яқинлашишга бўлган интилиши бор.

Илҳом Алиев, Озарбайжон Республикаси Президенти:

- Савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича жиддий натижаларга эришилди, товар айланмаси ортмоқда ва бу бизни қувонтиради. Биз яратган қўшма инвестициявий жамғарма ҳам катта салоҳиятга эга. Умумий жамғарма механизми орқали умумий маблағимизни киритишимиз учун рўёбга чиқариш босқичига ўтган ва кўриб чиқилаётган бир қанча лойиҳалар мавжуд.

Музокаралар якунларига кўра, мамлакатлар Қозоғистон ва Озарбайжон ўртасида стратегик ҳамкорлик ва иттифоқчилик алоқалари тўғрисида шартнома тузилишининг 20 йиллигига қўшма баёнот қабул қилди. Томонлар энергетика, транспорт, рақамлаштириш, сунъий интеллект, саноат соҳаларида ҳамкорлик тўғрисида 15 та ҳужжат имзолади.

Қосим-Жўмарт Тўқаев Озарбайжон Президенти ташрифини стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлаш сари қўйилган қадам сифатида баҳолади. Етакчилар ўзаро алоқаларни ривожлантиришнинг истиқболли йўлларини кўриб чиқди. Қўшма корхоналарга устуворлик берилди. Трансформаторлар ишлаб чиқариш заводи қуришга келишилди, уй-жой ва инфратузилма объектлари бунёд этиляпти. Кемасозлик бўйича қўшма лойиҳалар мўлжалланган.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Бундан ташқари, портларимиз терминал қувватини ошириш муҳимлиги таъкидланди. Қозоғистон  Ақтауда контейнер хаби қуряпти. Алят портида хорижий, шу жумладан, хитойлик ҳамкорлар ёрдамида юк терминали бунёд этилиши яхши имкониятлар очади. Музокаралар давомида янги юк экспорти учун Транскаспий паром тизимини яратиш имконияти муҳокама қилинди.

Мамлакатлар энергетика соҳасида ҳам лойиҳаларни ривожлантиради. Қозоғистон  Озарбайжон орқали нефть ташиш ҳажмини оширади. Ўтган йили Боку – Тбилиси – Жейхан йўналиши орқали бир ярим миллион тонна хомашё транзит қилинди. Бундан ташқари, давлатлар «яшил» энергия экспорти йўналишида  мавқеини кучайтириш учун сув ости электр кабели ётқизиш лойиҳаси устида ишлаяпти. Рақамлаштириш соҳасида ҳам катта имкониятлар бор.

Қозоғистон ва Озарбайжон Президентлари Alem.AI халқаро сунъий интеллект марказига борди

Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Илҳом Алиев Alem.AI халқаро сунъий интеллект марказига борди. Президентларга AI-Driven Government давлат жараёнларини бошқариш ҳамда GovTech - қарорлар қабул қилиш маркази концепцияси тақдим этилди. Давлат раҳбарлари Astana Hub доирасида фаолият юритаётган компаниялар ишланмалари билан танишди.

Абдумалик Сарманов таржимаси