Қозоғистон eGov тизимини Монголияга экспорт қилишга тайёр. Улан-Баторда бўлиб ўтган икки давлатнинг
тадбиркорлар кенгашида вазир Жаслан Мадиев таъкидлашича, электрон ҳукумат лойиҳаси давлат хизматларини рақамлаштириш
борасидаги мамлакатимизда ишлаб чиқилган тизим бўлиб, ҳозир хизматларнинг 90 фоизи онлайн кўрсатилади. Тегишли вазирлик етакчиси Astana Hub халқаро технопаркини ривожлантириш, хорижда IT-хаблар яратиш тажрибаси тўғрисида ҳам гапирди. У бугунги кунда рақамли технологиялар экспорти Қозоғистон ривожланиш стратегиясида алоҳида ўрин
тутиши ва ҳамкорлик, инновациялар борасида янги уфқлар очишини кўрсатиб ўтди.
Жаслан Мадиев, Қозоғистон
Республикаси Рақамли тараққиёт, инновация ва аэрокосмик саноат вазири:
- Рақамлаштириш ва рақамли маҳсулотлар экспорти биз фаол илгари
суришни мўлжаллаган йўналишлардан бири. Монголияда ҳам рақамлаштириш, шу
жумладан, электрон ҳукумат фаол ривожланаётганини кўриб турибмиз. Ва ҳамкорлик
имкониятлари борлигига аминмиз. Биз ўзимиздаги акселерация дастурларини баҳам
кўришимиз мумкин.
Мамлакатлар
ўртасида товар айланмасига келганда, бу кўрсаткич йил сайин ортяпти. Ўтган йили жами 133 миллион долларга тенг маҳсулот алмашинилди, 2024
йилнинг саккиз ойида эса 84 миллион долларни ташкил қилди. Бунда Қозоғистон
ҳиссаси катта. Мамлакатимиз Монголияга озиқ-овқат маҳсулотлари, двигателлар,
машинасозлик маҳсулоти экспорт қилади. Бизга эса темирйўл вагонлари, қурилиш
материаллари, гўшт ва текстиль жўнатилади. Бу кўрсаткичнинг яқин келажакда 500
миллион долларга етказиш ҳақида келишиб олинди. Бунинг учун етарли салоҳият бор.
Дуурэн Тумэнжаргал, Монголия Миллий Савдо-саноат палатаси
ижрочи директори:
- Монголия бизнеси учун Қозоғистон билан алоқаларни
ривожлантириш стратегик даражада муҳим. Чунки у бизга энг яқин бўлган учинчи
давлат. Транспорт ва логистикада ҳамкорлик кенгайиши лозим.
Ғабидўлла Ўспанқулов, Қозоғистон
Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Инвестициялар
қўмитаси раиси:
- Монголия мис ва олтин қазиб олиш бўйича дунёда етакчи ўринни эгаллайди. Бу борада катта тажрибага эга. Мазкур мамлакат Қозоғистондаги корхонага сармоя киритиш ниятида. Бу имзоланадиган 6 та ҳужжатнинг энг муҳимларидан бири. Бундан ташқари, мамлакатлар туризм соҳасида ҳамкорлик қилиш ниятида. Жумладан, Талғар туманида 5 миллион доллар инвестиция сарфлаб, туристик объект қурилади.
Қозоғистон-Монголия тадбиркорлик кенгаши биринчи
йиғилиши натижаларига кўра, икки давлат қатор йирик инвестициявий лойиҳаларни
рўёбга чиқаради.