Қозоғистон ва МАГАТЭ ҳамкорлиги кенгаяди

Қозоғистон ва МАГАТЭ ҳамкорлиги кенгаяди

Бугун Қозоғистон Президенти МАГАТЭ бош директори Рафаэл Гроссини қабул қилди. Қосим-Жўмарт Тўқаев мамлакатимиз кўп йиллик ҳамкорлик, шунингдек, Агентликнинг ядро хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланишга қўшаётган ҳиссасини юксак қадрлашини таъкидлади. Қосим-Жўмарт Тўқаев республикамиз ва МАГАТЭ ўртасидаги алоқаларни чуқурлаштириш бўйича 2036 йилгача мўлжалланган йўл харитаси ҳамда ядро тиббиёти ва илм-фан соҳасидаги қатор ҳужжатлар имзоланганини олқишлади. Давлат раҳбари Қозоғистон ядровий хавфсизлик ва давлатлараро ишончни мустаҳкамлаш бўйича халқаро саъй-ҳаракатларга амалий ҳисса қўшишга қатъий интилишини таъкидлади. Президент Рафаэл Гроссига БМТ Бош котиби лавозимига номзоди кўрсатилишида муваффақият тилади.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- 2023 йил апрель ойида бўлган Қозоғистонга илк ташрифингиз ҳамкорлигимизга қўшимча туртки берди. Ядровий қуролсизланиш ва қуролларни тарқатмаслик масаласида биз бир тилда гаплашамиз, деб ҳисоблайман. Зеро, юзага келган ноаниқ вазият глобал муаммоларни ҳал қилишда умумий ёндашувларни ишлаб чиқиш учун саъй-ҳаракатларни бирлаштиришни талаб қилади.

Ўз навбатида, Рафаэл Гросси Қозоғистоннинг глобал ядровий хавфсизлик ва ядро қуролини тарқатмаслик режимини мустаҳкамлашга содиқлигини юқори баҳолади. Шунингдек, у Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг халқаро нуфузи ва унинг мулоқот, ядровий хавфсизлик ва кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантиришдаги изчил ролини қайд этди. Учрашув якунида Қозоғистон Республикаси ва МАГАТЭ ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қўшган улкан ҳиссаси учун Қозоғистон Президенти Рафаэл Гроссини I даражали Дўстиқ ордени билан тақдирлади.

Абдумалик Сарманов таржимаси