Қозоғистон ва Корея ҳамкорликка оид 11 ҳужжатни имзолади

Қосим-Жўмарт Тўқаев Корея Республикаси Президентининг Қозоғистонга биринчи давлат ташрифини «тарихий» деб баҳолади. Бугун Ақўрдада икки давлат раҳбарлари то ва кенгайтирилган таркибда музокара ўтказди. Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Юн Сок Ёль икки давлат ўртасидаги алоқаларни кенгайтирилган стратегик ҳамкорлик даражасига олиб чиқиш ниятини тасдиқлади. Таъкидлаш лозимки, бугунги кунда ўзаро товар айланмаси 6 миллиард доллардан ошди. Корея Қозоғистоннинг энг йирик инвесторлари бешлиги қаторидан ўрин олди.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Ўтган йилгача бўлган инвестициялар умумий ҳажми  9,6 миллиард долларни ташкил қилди. Ҳар икки томон бу кўрсаткични кенгайтириш ниятида. Қозоғистонда 700 дан зиёд корейс капитали иштирокидаги компания фаолият юритади. Улар қаторида мамлакатимизда самарали ишлаётган Samsung, Hyundai, Kia, Lotte, Doosan, Posco каби йирик корпорациялар ҳам бор. Биз Президент Юн Сок Ёль билан бирга ўзаро ҳамкорликни имкон қадар кенгайтириш, инфратузилма ва ишлаб чиқариш, молия, энергетика, экология, автомобиль ва аэрокосмик саноат, IT, рақамлаштиришда фаолиятни ривожлантиришга келишиб олдик.

Томонлар ноёб-ер металлари разведкаси ва уларни қазиб олишда ҳам биргаликда иш юритиш ниятида. Қосим-Жўмарт Тўқаев Қозоғистон бозорига чиқишни истаётган корейс компаниялари учун шарт-шароит яратишга тайёрлигини таъкидлади. Бунинг учун барча зарур механизмлар яратилган. Ҳукуматлараро комиссия, Тадбиркорлик кенгаши ва бизнес-ҳамжамиятлар ўртасида алоқаларни ривожлантириш учун ишчи гуруҳи тузилди. Улар биргаликда иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Юн Сок Ёль, Корея Республикаси Президенти:

- Қозоғистон Президенти билан музокараларимиз давомида биз дипломатик алоқалар ўрнатилганидан буён фаол ривожланиб келаётган ҳамкорлигимизни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилдик. Қозоғистон ва Корея ўртасида стратегик шерикчилик самарадорлигини оширишга келишдик. Бугунги ташриф мобайнида электроэнергетика ва ўта муҳим минераллар етказиб бериш бўйича қатор келишувларга эришдик.

Томонлар маданият, фан ва таълим соҳаларида ҳамкорликни чуқурлаштиради. Шу жумладан, Туркистонда Кореянинг Вусонг университети филиали очилиши кўриб чиқилади. Музокаралар давомида ҳамкорлик тўғрисида 11 та ҳужжат имзоланди. Томонлар «Марказий Осиё + Корея» форматида кўп томонлама алоқаларни ривожлантиради. Қосим-Жўмарт Тўқаев Корея етакчисининг 2025 йилда Сеулда шундай саммит ўтказиш фикрини қўллаб-қувватлади.

Абдумалик Сарманов таржимаси.