Қозоғистон ва Кипр ҳамкорлик йўналишларини белгилаб олди

Қозоғистон ва Кипр ҳамкорлик йўналишларини белгилаб олди

Давлатимиз раҳбари музокаралар якунлари бўйича ўтказилган брифингда Қозоғистон ва Кипр ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари ҳақида гапирди. Томонлар ўзаро савдо ҳажмини оширишга алоҳида эътибор қаратмоқчи. Қосим-Жўмарт Тўқаев кипрлик ҳамкорларни Транскаспий йўналиши лойиҳасида фаол иштирок этишга чақирди. Унга кўра, Ўрта йўлак доирасида Қозоғистон ва Кипрнинг қуруқлик инфратузилмасини самарали боғлаш учун катта имкониятлар очилмоқда. Бу Марказий Осиё, Каспий минтақаси ва Ўрта ер денгизи ўртасида янги кўп векторли логистика тизимини шакллантириш имконини беради ва, албатта, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини оширишга хизмат қилади. Қосим-Жўмарт Тўқаев Қозоғистонда Кипр капитали иштирокида 400 дан ортиқ компания фаолият юритаётганини таъкидлади. Улардан 30 га яқини «Астана» халқаро молия марказида рўйхатга олинган.


Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Фақат шунинг ўзи ҳам тадбиркорлик ва сармоявий алоқаларимиз изчил ривожланиб бораётганидан далолат беради. Яқинда янги Конституцияни қабул қилдик, унга кўра Қозоғистонда барча мулк шакллари кафолатланади. Асосий қонун инвесторлар ҳуқуқларини максимал даражада ҳимоя қилади. Бундан ташқари, кипрлик ҳамкорларимиз Қозоғистоннинг Altyn Visa дастуридан фойдаланиши мумкин. Ушбу визани олган тадбиркор ва мутахассисларга солиқ, миграция бўйича имтиёзлар берилади.

Рақамли технологиялар ва инновациялар ўзаро манфаатли ҳамкорлик учун катта салоҳиятга эга соҳа сифатида эътибор марказида турибди. Давлат раҳбари Кипр томони Қозоғистоннинг eGov тизими ва давлат хизматларини рақамлаштириш лойиҳаларига қизиқиш билдирганини маълум қилди. Мамлакатимиз ўз тажрибаси билан ўртоқлашишга тайёр, деди Қосим-Жўмарт Тўқаев. Шунингдек, халқаро ва минтақа кун тартиби муҳокама қилинди. Кўп масалаларда давлатлар тутган мавқе ўхшаш. Иккала давлат ҳам ҳар қандай можаро фақат тинч ва дипломатик йўл билан ҳал қилиниши керак, деган тамойилга қатъий амал қилади. Томонлар БМТ, EХҲТ ва бошқа халқаро тузилмалар доирасида ҳамкорликда ишлаш, тинчлик ва барқарорликни таъминлашда фаол иштирок этиш ҳақида келишиб олди.


Никос Христодулидис, Кипр Республикаси Президенти:


- Биз барча даражаларда мунтазам алоқа муҳимлигини таъкидладик, чунки барқарор сиёсий мулоқот ишончни мустаҳкамлаш ва аниқ натижаларга эришишнинг асосий омилидир. Бугун биз қатор меморандумларни имзолаётганимиздан хурсандман. Бу келишувлар шунчаки техник ҳужжат эмас, балки икки томонлама муносабатларнинг салмоқли салоҳиятини янада тизимли ва мазмунли шаклга айлантириш борасидаги умумий қатъиятимизнинг яққол тасдиғидир.

Абдумалик Сарманов таржимаси.