Қозоғистон ва Кения Президентлари музокара ўтказди

Қозоғистон ва Кения Президентлари музокара ўтказди

Қозоғистон ва Кения савдо-иқтисодий ва гуманитар алоқаларни кенгайтиради. Қозоғистонга Президент Уилям Руто давлат ташрифи билан келди. Бугун Астана шаҳрида икки давлат раҳбарлари тор ва кенгайтирилган таркибда музокаралар ўтказди. Қосим-Жўмарт Тўқаев Кения Қозоғистон учун Африкадаги муҳим ҳамкор эканини таъкидлади. Мамлакат пойтахти Найробида республикамизнинг қитъадаги олтинчи элчихонаси очилди. Ташриф ҳамкорликка янги туртки бағишлаши даркор. Кения Президенти, ўз навбатида, мамлакатимизни муҳим логистика хаби - Марказий Осиё ва Евроосиё минтақасининг асосий дарвозаси сифатида кўришини таъкидлади. Қосим-Жўмарт Тўқаев товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, аниқ лойиҳаларни амалга ошириш учун Тадбиркорлар кенгаши ташкил этиш ташаббусини тилга олди.


Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Қозоғистон Евроосиёнинг юрагида жойлашган, Кения эса Шарқий Африканинг иқтисодий хаби ҳисобланади. Бу икки томонлама шерикликни кенгайтиришда катта аҳамиятга эга. Биз бозорлар, транспорт йўналишлари ва инвестиция оқимларини бирлаштириб, Марказий Осиё ва Африка ўртасида мустаҳкам кўприк қура оламиз. Ҳозир икки томонлама муносабатларнинг асосий истиқболларини муҳокама қилдик ва халқаро кун тартиби юзасидан фикр алмашдик. Мамлакатларимиз глобал масалалар бўйича фикрлари ўхшаш, тинчликсевар ташқи сиёсат юритмоқда ва кўп томонламалик тамойили асосидаги дунё тартибини изчил қўллаб-қувватламоқда.


1993 йилда Қозоғистон ва Кения дипломатик муносабатлар ўрнатди. Кения Президенти 2023 йилда Нью-Йоркда бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеяси сессияси доирасида Қосим-Жўмарт Тўқаев билан бўлган учрашув муносабатларни мустаҳкамлашда бошланғич нуқта бўлганини таъкидлади. Уилям Руто Кениянинг Момбаса ва Ламу портлари минтақа бозорларига чиқишда Қозоғистон учун бошланғич нуқта бўла олади.

Уильям Руто, Кения Президенти:

- Жаноб Президент, Найробида муқим элчи тайинлаш тўғрисидаги қарорингиз Сиз ва Ҳукуматингиз Қозоғистон ва Кения ўртасидаги муносабатларга қанчалик катта эътибор бераётганини кўрсатади. Ишонтириб айтаманки, ташрифим мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган мақсадли қадамдир.


Қозоғистон Африка бозорига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, биринчи навбатда, дон етказиб беришдан манфаатдор, деди Қосим-Жўмарт Тўқаев матбуот учун ташкил қилинган брифингда. Тоғ-кон саноати, «яшил» энергетика соҳаларида ҳам ҳамкорлик учун катта истиқболлар мавжуд. Кения электрон ҳукумат, IT ва космик саноат, шунингдек, ахборот технологиялари соҳасидаги тажрибамизга қизиқиш билдирди. Томонлар бевосита авиақатновни йўлга қўйиш имкониятларини ҳам муҳокама қилди. Музокаралар якунида Президентлар Қўшма баёнот қабул қилди. Шунингдек, 10 та идоралараро битим ва меморандумлар имзоланди. Қозоғистон ва Кения ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси учун Қосим-Жўмарт Тўқаев Уилям Рутога I даражали "Дўстиқ" орденини топширди.


Абдумалик Сарманов таржимаси