Қозоғистон ва Кипр жиноий ишларда ҳуқуқий ёрдам борасида икки тарафлама ўзаро ёрдам кўрсатади. Мажилисда экстрадиция бўйича давлатлар ўртасидаги шартнома ратификация қилинди. Бунда гап ваколатли органлар томонидан қидирувга берилган шахсларни топшириш тўғрисида кетяпти. Улар хатти-ҳаракати ҳар иккала давлатда ҳам жиноят даражасида тан олиниши керак. Жиноий ҳаракат учун бир йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси кўзда тутилган бўлиши лозим. Ҳужжатда етказиб бериш ҳақидаги ариза шаклига қўйилган талаблар, вақтинча назоратда сақлаб туриш муддатлари, етказиб бериш ва бошқа процессуал масалалар тартиби кўзда тутилган.
Асет Чиндалиев,
Қозоғистон Республикаси Бош прокурор
ўринбосари:
- Кипр биздан ўз
ҳудуди чегарасидан ташқарида жиноят содир этган шахсни топширишни сўраши мумкин.
Бундай ҳолатда ўша шахс топширилади. Лекин у содир этган ҳаракат бизнинг
юртимизда жиноят деб ҳисобланиши керак. Конституциямизда, агар давлатимиз
қўшилган халқаро шартномаларда айтилган ҳоллар бўлмаса, бизнинг фуқароларни
бошқа давлатга жўнатиш кўзда тутилмаган. Конституциядаги ушбу талаб шартномада
ҳисобга олинган. Унга кўра, биз ўз фуқароларимизни бермаймиз. Бундан ташқари, келишувда
рад этишга доир 12 та асос кўзда тутилган.
Жиноий ишлар бўйича экстрадиция тўғрисидаги шартномага келсак, бугунги кунда Қозоғистон шунга ўхшаган 21 та ҳужжатни имзолаган. Жиноят қонунчилиги соҳасида 34 та давлат билан 73 та икки томонлама келишувлар тузилган. Улардан 35 таси Европа давлатлари билан имзоланган. Асет Чиндалиев айтишича, шу каби келишувларни тузиш жараёнида савдо-иқтисодий алоқалар, туризм соҳасида ҳамкорлик йўлга қўйилган мамлакатларга афзаллик берилади. Ҳозирги кунда Кипр билан ўзаро товар айирбошлаш 200 миллион долларни ташкил қилади. Сўнгги 15 йил ичида ушбу орол-давлатдан иқтисодиётимизга келган тўғридан-тўғри инвестиция тахминан 3 миллиард Америка валютасига тенг бўлган.
Хуршида Абдуллаева таржимаси.