Қозоғистон ва Исроил президентлари музокара ўтказди

Қозоғистон ва Исроил президентлари музокара ўтказди

Ақўрдада Давлат раҳбари Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Исроил Президенти музокаралар ўтказди. Ицхак Герцог Қозоғистон га расмий ташриф билан келганди. Қосим-Жўмарт Тўқаев таъкидлашича, икки давлат 1992 йилдан буён тиғиз дўстлик алоқалари ўрнатган. Ўтган давр мобайнида сиёсий ва иқтисодий, инвестициявий ҳамкорликда салмоқли натижаларга эришилди. Исроил Президенти Ақўрдага ташриф буюриш у учун шараф эканлигини маълум қилди. У 1993 йилда Қозоғистонга келган отаси Хаим Герцог изидан бораётганини айтди. Шунингдек, юксак технологиялар ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик истиқболлари кенглигини таъкидлади. Президентлар Қозоғистоннинг Иброҳим келишувларига қўшилиши масаласига муносабатини билдирди. Қосим-Жўмарт Тўқаев таъкидлашича, мазкур қадам томонларнинг Яқин Шарқ давлатлари ва Исроил ўртасидаги муносабатларни барқарорлаштиришга, савдо-иқтисодий алоқаларни фаоллаштиришга хизмат қилади.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

– Қозоғистон аввалроқ қабул қилган қарорига содиқ, биз Иброҳим келишувларига расмий қўшилишимиз яқин даврда Астанада юз бериши мумкин, деб ҳисоблаймиз. Шуни ҳам таъкидлашимиз лозимки, биз сунъий интеллект, рақамлаштириш йўналишларида ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдормиз. Жорий йил Қозоғистонда Рақамлаштириш ва сунъий интеллект йили, деб эълон қилинди. Бу масалага алоҳида эътибор қиламан.

Исроил Президенти Қозоғистоннинг Иброҳим келишувларига қўшилиш ва Тинчлик кенгаши ишида қатнашиш ниятини қутлади. Ицхак Герцог Қозоғистон ва Исроил орасидаги муносабатлар мунтазам ривожланиб бораётганини таъкидлади.

Ицхак Герцог, Исроил Президенти:

- Мамлакатларимиз орасидаги товар айланмасини ва тадбиркорлик алоқаларини икки ёки уч марта ошириш имконини берувчи салоҳият мавжудлигига алоҳида эътибор қаратишни истардим. Бу йўналишда амалий қадамлар қўйилади. Шу жумладан, бевосита авиарейсларни йўлга қўйишдан манфаатдормиз, у муносабатларни ривожлантиришга хизмат қилади. Бугунги кунда қатор, шу жумладан икки марта солиқ солишни бекор қилувчи келишувлар тайёрланяпти.

Музокаралар якунида томонлар мунтазам сиёсий мулоқотни давом эттириш, алоқаларни янги сифат даражасига чиқариш ҳақида келишиб олди.

Абдумалик Сарманов таржимаси