Алматида янги олма боғлари яратилади. Мегаполисда ўтказиладиган «шаҳар-боғ» акцияси доирасида мевали дарахтлар ўтқазилди. Ташкилотчилар фикрича, Алматининг аввалги шуҳратини қайта тиклаш сари қилинган биринчи қадам бўлади. Дам олиш кунлари 8 минг туп дарахт экилди, шундан ярмини олма кўчатлари ташкил қилади. Акция учун ушбу мавсум беҳуда танланмади. Баҳорги кўчатлар тутиб кетиши осон. Мутахассислар ишонтириб айтишича, дарахтлар ярим аср давомида мева беради. Шу билан бирга, шаҳарнинг турли қисмларида бошқа мевали, манзарали дарахтлар, буталар ўтқазилган хиёбонлар очилди.
Адиль Тўлегенул, Алатау тумани коммунал хўжалиги бўлими бош мутахассиси:
– Дарахтлар тегишли меъёрларга мувофиқ ўтқазилди, экология бошқармаси ва ҳудудларни тозалаш билан шуғулланувчи пудратчи ташкилотларнинг мутахассислари таклиф этилди. Ҳар ҳафта, шанба кунлари янгидан ўтқазилган кўчатлар суғорилиши тўғрисида келишиб олинди.
Жамила Серкебаева, Қозоғистон Республикасида хизмат кўрсатган арбоб:
– Севимли шаҳримиз – Алмати шаҳрини кўкаламзорлаштиришда давом этамиз. Кўзларимизни қувнатиб, яшнайверсин. Шаҳримизга келган меҳмонларга завқ берсин. Яшиллик учун келган туристлар кўпайсин.
Таъкидлаш лозимки, ҳозир мегаполис ҳудудидаги яшилликка бурканган ҳудуд минг гектарга ҳам етмайди. 2040 йилга бориб бу кўрсаткич 3 ярим минг гектарга етказилиши кўзда тутилган. Шаҳар ҳудудида жами 2,5 миллион туп дарахт экилади.
Абдумалик Сарманов таржимаси.