Қозоғистон ва ХВЖ молия соҳасида ҳамкорликни давом эттиради

Қозоғистон ва ХВЖ молия соҳасида ҳамкорликни давом эттиради

Қозоғистон фаол ривожланишда давом этяпти. Республика иқтисодиётининг ўсишида давлат ёрдамига таянган хусусий сектор асосий ўрин тутиши зарур. Мамлакат Бош вазири Алихан Смаилов ва Қозоғистондаги Халқаро валюта жамғармаси миссияси етакчиси Николь Бланше яқин ва ўрта муддатда ҳамокрлик истиқболларини муҳокама қилди. Бош вазир таъкидлашича, Ҳукумат ХВЖ билан олиб борилаётган ҳамкорликни қадрлайди ва унинг иқтисодиёт ривожига қўшган ҳиссасини юқори баҳолайди.

Алихан Смаилов таъкидлашича, мамлакат иқтисодиёти янги шароитларга мослаша олди ва барқарор ўсишда давом этяпти. Йилнинг 10 ойи якунларига кўра, республика ялпи ички маҳсулоти 5 фоизга ортди. Асосий капиталга киритилган инвестициялар ҳажми 12 ярим фоизга кўпайди. Алихан Смаилов халқаро рейтинг агентликлари Қозоғистон суверен кредит рейтингини инвестициявий даражада эканлигини тасдиқлаганини таъкидлади. Moody’s эса прогнозини барқарордан ижобийга ўзгартирди. Бундан ташқари, бугунги кунда Қозоғистонда солиқ-бюджет сиёсати такомиллаштириляпти. Янги Солиқ ва Бюджет кодекслари ишлаб чиқиляпти. Ўз навбатида Николь Бланше таъкидлашича, келажакда иқтисодий ўсиш суръатларини ошириш учун Қозоғистонда куч ва имкониятлар етарли, бунинг учун мустаҳкам пойдевор яратилган.

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.