Алмати шаҳри ҳокимлиги погромлардан жабрланган тадбиркорларни уч ой давомида коммунал тўловлардан озод қилишини билдирди. Шунингдек, кичик ва ўрта бизнес субъектлари ҳам ижара ҳақи тўлашни кечиктириши мумкин. Шаҳар ҳокими Бақитжан Сағинтаевнинг маълум қилишича, хусусий ижара берувчилар билан имтиёзлар юзасидан музокаралар бошланган. Шаҳар ҳокимлигида таъкидлашларича, коммунал харажатлар шаҳар бюджети маблағлари ҳисобидан тўланади. Ижара масаласи кўрилган зарарга қараб, якка тартибда ҳал қилинади.
Тиббиётчилар ва полициячиларга товон тўланади
Шаҳар ҳокими маълум қилишича, Алматида жабрланган тиббиётчилар, полициячилар ва ўт ўчирувчилар ҳам қўшимча маблағ олади.
«Яраланган ва жароҳатланган ҳуқуқ ҳимоялаш органлари, тиббиёт ходимлари ва ўт ўчирувчиларга товон тўланади. Оғир яраланганларга икки миллион тенге, ўртача жароҳат олганларга – бир миллион, енгил жароҳатланганларга 500 минг тенге берилади», – дейди Бақитжан Сағинтаев.
Январь воқеалари муносабати билан Алматида пантеон бунёд этилади
Алмати ҳокими таъкидлашича, январь воқеалари ва оммавий тартибсизликлар қурбонлари хотирасига шаҳарда пантеон қурилади.
«Давлат раҳбари топшириғига кўра, тез кунларда январ воқеаларига бағишланган пантеон эскизини тайёрлаш бўйича очиқ танлов эълон қилинади», дея таъкидлади Бақитжан Сағинтаев.
Абдумалик Сарманов таржимаси