Ўтган йили
Қозоғистоннинг ШҲТ давлатлари билан товар айланмаси 20 фоизга ўсган ва 61 миллиард
долларни ташкил қилган. Сўнгги 20 йил ичида ташкилотга аъзо давлатларнинг ўзаро
савдоси салкам 100 марта ошди. Бугунги кунда бу суръатни қўлдан бермаган ҳолда
савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириб бориш керак. Республика Бош вазири Алихан Смаилов Бишкекда
бўлиб ўтаётган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар ҳукумат раҳбарларининг
22-йиғилишида шуни маълум қилди.
Алихан Смаилов,
Қозоғистон Республикаси Бош Вазири:
– Энг истиқболли
йўналишлардан бири электрон савдо бўлиб қоляпти. Турли ҳисобларга кўра, ШҲТ
давлатлари доирасида электрон харидлар ҳажми жорий йилда 1,5 триллион долларни
ташкил қилди. Биз электрон тижоратни қўллаб-қувватлаш учун ишлашимиз зарур. Биринчи
навбатда божхона жараёнлари соддалаштирилиши лозим. Бунинг учун ШҲТ божхона органлари
раҳбарлари учрашувини ташкил этишни таклиф қиламан. Қозоғистон Хитойнинг «Ягона
макон, ягона йўл» глобал ташаббусини рўёбга чиқаришда фаол қатнашмоқда. Биз товарлар
транзити ва «Қозоғистон-Туркманистон-Эрон» темир йўли муваффақиятли ишлашидан
манфаатдормиз.
Стратегик портлар ва логистика марказларини қўшган ҳолда тўлақонли транспорт тармоғи яратилиши ҳамкорликка янги туртки беради. Қозоғистон Бош вазири минтақада мавжуд бўлган халқаро йўналишларни ҳисобга олган ҳолда янгича ёндашувларни ишлаб чиқишга чақирди. Ўзаро фойдали ҳамкорлик учун яна бир омил – замонавий дунёда давр билан ҳамнафас ҳаракатланиш керак. Бу эса ташкилотга аъзо давлатлар иқтисодиёти янги технологик поғонага кўтарилишини талаб қилади. Алихан Смаилов йиғилганларни келгуси йил февраль ойида бўлиб ўтадиган Digital Almaty форумига таклиф қилди. У, шу жумладан, ШҲТ ҳудудида рақамли хаб шакллантиришга бағишланади.
Абдумалик Сарманов таржимаси.