Қозоғистон ва Хитой медиа ва СИ соҳасида ҳамкорликни кенгайтиради

Қозоғистон ва Хитой медиа ва СИ соҳасида ҳамкорликни кенгайтиради

Қозоғистон Давлат маслаҳатчиси Ерлан Қарин Хитойга қилган амалий сафари давомида China Media Group бош директори Шэнь Хайсюн билан маданий-гуманитар ҳамкорликни муҳокама қилди. Учрашувда Қозоғистоннинг ХХРдаги элчиси Шахрат Нуришев, Қозоғистон Президенти Телерадиомажмуаси директори Раушан Қажибаева ва «Jibek Joly/Silk Way» телеканали етакчиси Еркежан Кунтуған иштирок этди. Давлат маслаҳатчиси Президент Тўқаев олиб бораётган ислоҳотлар мазмунини тушунтирди. Томонлар ўтган йили Қозоғистонда бўлиб ўтган ва ХХРда томошабинларига маъқул келган, 1 миллиард мартадан кўпроқ кўрилган «Silk Way Star» танлови ташкил этилишини юқори баҳолади. Суҳбатдошлар лойиҳанинг иккинчи мавсумига тайёргарлик масаласини кўриб чиқди. У июль ойида Хитойнинг Иу шаҳрида суратга олинади. Қозоғистондан танловга Руҳия Байдукенова боради. Айни вақтда, Ерлан Қарин октябрь ойида Astana AI Film Festival 2026 биринчи халқаро кинофоруми ўтишини билдирди. Ушбу анжуманнинг марказий воқеаси СИ иштирокида олинган қисқа метражли фильмлар танлови бўлиши кутиляпти.


Абдумалик Сарманов таржимаси