2023 йилда Қозоғистона 9,2 миллион чет эллик келган

2023 йилда Қозоғистона 9,2 миллион чет эллик келган

Туризм ўтган йили мамлакатимиз бюджетига рекорд даражада - 450 миллиард тенге солиқ келтирган. Умуман, маҳаллий туризм соҳаси асосий кўрсаткичлар бўйича илгари кузатилмаган марраларга етди. 2023 йилда юртимизни 9 миллиондан ошиқ одам келиб кўрган. Бу эса 2022 йилдагига нисбатан икки марта кўп. 2023 йил якунларига кўра, 9 ярим миллион қозоғистонлик мамлакат ичида саёҳат қилган. Тегишли вазирлик раҳбари Ермек Маржиқпаев Ҳукумат йиғилишида соҳани ривожлантириш ва йирик инфратузилмавий лойиҳаларнинг амалга оширилиши борасида ахборот берди.

Ермек Маржиқпаев, Қозоғистон Республикаси Туризм ва спорт вазири:

- Ўтган йил якунларига кўра, 131 миллиард тенге қийматга эга 33 та лойиҳа ниҳоясига етказилди. 2023 йилда Манғистау вилоятидаги «Илиқ пляж»да инфратузилма яратиш бўйича бир қатор лойиҳалар якунланган. Жорий йилда Алмати, Чимкент ва Қизил Ўрда шаҳар аэропортларида учта терминал қурилишини тугаллаш режа қилинган. Бу йўловчи оқимини сезиларли равишда оширади ва сайёҳлик нуқталарига етишни осонлаштиришга ижобий таъсир кўрсатади.

Вазир эслатиб ўтганидек, бугунги кунда Қозоғистондан 108 та йўналиш бўйича 29 та давлатга парвозлар йўлга қўйилган, юртимизга 82 мамлакат фуқаролари визасиз келиб-кетиши мумкин. Хорижликларнинг республикамизда бўлиш, узоқ муддат қолиш тартибини соддалаштириш учун Neo Nomad деб аталадиган визани жорий этиш режа қилинмоқда. Бундан кутилаётган иқтисодий самара йилига 3 миллиард тенгени ташкил этиши мумкин. Вазирлик раҳбари олдинда турган ёзги мавсумда сайёҳлар учун хавфсизлик чораларини кўришнинг аҳамиятини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтди. Қозоғистонда саёҳатчилар учун махсус SOS-тугма пайдо бўлади. Маҳаллий ишланма интернет билан қамраб олинмаган ҳудудларда қўл келади.


Абдумалик Сарманов таржимаси.