Қозоғистон ва Хитой бизнесменлари салкам
100 миллион долларга экспорт
контракти тузди. Ҳужжат Сиандаги савдо миссияси давомида имзоланди. Экспертлар таъкидлашича, натижада, ҳамкорликка туртки берилади, товар ишлаб чиқарувчилар имкониятлари кенгаяди. Марказий Осиё учун мўлжалланган Цзянсу кўп вазифали маркази ҳам тадбиркорлар
ўртасидаги ришталарни боғлашда қўл келмоқда.
Ельжан Коржеубаев, Қозоғистон
Республикаси Савдо ва интеграция вазирлиги Экспортни илгарилатиш департаменти бош эксперти:
- У
келажакда мамлакат бизнеси учун Хитой ва Қозоғистон ўртасида савдо
айланмасини, ҳар томонлама ҳамкорлик алоқаларини кенгайтиришга хизмат қилувчи
катта майдонча вазифасини бажаради. Кўп вазифали марказ қошида савдо, бизнес
музокаралари майдончалари ва бошқалар бўлади.
Хитойлик тадбиркорлар Атирау вилоятига 100 миллион доллар сармоя киритиш
ниятида. Бу ерда
хусусий иқтисодий зона ёки саноат парки очилиши мўлжалланмоқда. Осмон ости мамлакатининг, шу жумладан, нефть кимёси, тикланувчи энергетика, қурилиш материаллари ва чиқиндиларни қайта ишлашда пешқадам бўлган 7 та компанияси унда иш юритиш ниятида.
Ельжан Коржеубаев, Қозоғистон
Республикаси Савдо ва интеграция вазирлиги Экспортни илгарилатиш департаменти бош эксперти:
- Ушбу паркда юқори технологик ишлаб чиқаришлар, экологик тоза
ечимлар қўлланилади. Мазкур лойиҳалар ҳам қўшни давлат сармояси ҳисобига рўёбга
чиқарилади.
Таъкидлаш лозимки,
Қозоғистон ва Хитой ўртасидаги товар айланмаси ўтган йили анча ортди ва
44 миллиард долларни ташкил қилди. Томонлар бу кўрсаткични 80 миллиард
долларга етказмоқчи.
Абдумалик Сарманов таржимаси

