Қозоғистон ва Грузия савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтиради

Қозоғистон ва Грузия савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтиради

Қозоғистон ва Грузия ўзаро савдо ҳажмини кенгайтириш ниятида. Астанада бош вазирлар – Ўлжас Бектенов ва Ираклий Кобахидзе музокара ўтказди. Ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришда Транскаспий Халқаро транспорт йўналиши катта ўрин тутади. Зеро, ўтган йили Қозоғистон ва Грузия ўртасида ташилган юк ҳажми 62 фоизга ортди ва 4,5 миллион тоннага етди. Ҳозир бу йўналиш инфратузилмаларини такомиллаштириш, порт ва терминал қувватларини ошириш, маъмурий тўсиқларни олиб ташлаш ҳамда юк ташувчиларга имкониятлар яратиш устида иш давом этяпти. 2027 йилга келиб, Ўрта йўлак орқали йилига 10 миллион тонна юк ташилиши режалаштирилган. Айни вақтда, Қозоғистон компаниялари Грузиядаги лойиҳаларда ҳам қатнашяпти. Жорий йилда Поти портида мультимодаль терминал ишга тушиши мўлжалланган.

Ўлжас Бектенов, Қозоғистон Республикаси Бош вазири:

- Давлат раҳбари Қосим-Жўмарт Тўқаев Грузия билан икки томонлама ҳамкорликни кенгайтиришга катта эътибор қаратаяпти. Турли даражадаги фаол мулоқот юк айланмасининг диверсификацияланиши ва кенгайишига олиб келади. Шу кунларда Қозоғистон — Грузия алоқалари барча йўналишларда фаол ривожланяпти.

Ираклий Кобахидзе, Грузия Бош вазири:

- Бу менинг Қозоғистонга қилган илк расмий ташрифим. Иқтисодий ва маданий алоқаларни кучайтириш режалаштирилган. Бугунги кунда турли соҳалардаги лойиҳаларда салмоқли натижаларга эришиляпти. Биз Қозоғистон билан ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдормиз.

Қозоғистон Грузияга қишлоқ хўжалик, металлургия маҳсулотлари, нефть экспорт қилади. Яқинда бу рўйхатга яна 35 турдаги, умумий қиймати 66 миллион доллар бўлган товарлар қўшилди. Қишлоқ хўжалигида ҳамкорлик истиқболга эга. Соҳада маҳсулот алмашинуви 71 миллион доллардан ошди. Қозоғистон бизнеси фаол ўсаётган грузин бозорига янада кўпроқ ун, дон, ўсимлик ёғи, макарон, сут ва қандолат маҳсулотлари етказиб бериш салоҳиятига эга.

Абдумалик Сарманов таржимаси