Қозоғистонда БМТ ҳарбий кузатувчилари ўқуви бўлиб ўтади

Қозоғистонда БМТ ҳарбий кузатувчилари учун амалий машғулотлар бошланди. Пилот ўқув курси Алмати вилоятида жойлашган Мудофаа вазирлигининг тинчликпарварлик операциялари марказида ташкил этилмоқда. Бунга қадар маҳаллий ҳарбий хизматчилар шу каби операцияларда ҳаракатланишга юртимиздан ташқарида ва фақат хорижлик мутахассислар томонидан тайёрлаган. Курс БМТнинг турли давлатлардаги тинчликпарварлик миссияларида иштирок этган тажрибали инструкторлар томонидан ишлаб чиқилган.

Рустем Сулейменов, Тинчликпарварларни тайёрлаш бўлими бошлиғи: 
- Ҳарбий хизматчиларни миссияга жўнатиш долзарб масалага айлангач,  ўзимизда шундай курсларни ташкил қилиш зарурати туғилди. Мазкур курслар БМТнинг тайёргарлик бўйича барча талаб ва ҳужжатларига мувофиқ ташкил этилган. Ушбу ўқув бугунги кунда пилот лойиҳа саналади, келаси йили уни тинчликпарварлик операциялари департаментида расман сертификациядан ўтказишни режа қилганмиз.

Асирга олиш, тергов, гаровга олинганларни қутқариш. Ҳарбий кузатувчилар қийин вазиятларда ўзини тута олиши, тезкор ва тўғри ҳаракатланишни билиши зарур. Энг муҳими – ҳиссий жиҳатдан бардошли бўлиш. Агар курс сертификациядан ўтказилса, Алматидаги тинчликпарварлик операциялари маркази базасида нафақат Қозоғистондаги ҳарбийлар, балки бошқа давлатлар, жумладан, Марказий Осиё вакиллари ҳам таълим олади. Эслатиб ўтамиз, илгари юртимиздаги ҳарбийлар БМТнинг Непал, Ғарбий Саҳройи Кабир, Марказий Африка Республикаси ва Мали Республикасида ўтказилган миссияларида иштирок этган.

 

Хуршида Абдуллаева таржимаси.