Қозоғистон ва Европа яшил энергетика, атроф-муҳит муҳофазаси, таълим ва фанни ривожлантиришда ҳамкорликни чуқурлаштиради. Брюсселда бўлиб ўтган «Қозоғистон-Евроиттифоқ» ҳамкорлик кенгашининг 18-мажлиси иштирокчилари шундай келишдилар. Спикерлар таъкидлагани каби, ЕИ давлатлари – республиканинг асосий савдо ва инвестициявий ҳамкорлари қаторига киради. Ўтган йили томонлар ўртасидаги ўзаро савдо айланмаси 18,6 миллиард еврони ташкил қилди. Ташқи ишлар вазири Мухтар Тлеуберди Қозоғистон делегациясига раҳбарлик қилди, Европа вакиллари Португалия Ташқи ишлар ва Европа ишлари вазири Аугушту Сантуш Силва бошчилигида музокара юритди. Таъкидлаш жоизки, Қозоғистон Марказий Осиё давлатлари қаторида биринчи бўлиб 2015 йилда Европа Иттифоқи билан чуқурлаштирилган ҳамкорлик тўғрисида шартнома тузган.
Мухтар Тлеуберди, Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазири:
- Ҳамкорлик кенгашининг 18-мажлиси қишлоқ хўжалиги ва туризм соҳасидаги ҳамкорликка бағишланди ва у бошқа йўналишлардаги ривожланиш истиқболларини ҳам белгилаб берди. Таъкидлаш жоизки, республика амалга оширган чора-тадбирлар туфайли Европа Иттифоқидан тобора кўпроқ инвесторлар мамлакатимизга келяпти.
Аугушту Сантуш Силва, Португалия Ташқи ишлар ва европа ишлари вазири:
- Биз жуда конструктив ва самарали музокаралар олиб бордик. Ўтган йилги қийинчиликларга қарамай, Европа Иттифоқи савдо соҳасидаги ва хорижий инвестиция соҳасидаги Қозоғистоннинг пешқадам ҳамкори сифатида мавқеини мустаҳкамлади. Қозоғистон Иттифоқнинг Марказий Осиёдаги асосий савдо ҳамкори бўлиб қолмоқда. Биз сиёсий мулоқотни ҳам кенгайтирдик. Икки томонлама муносабатларни янада мустаҳкамлаш хусусида келишиб олдик. Биз Президент Тўқаевнинг Брюсселга, Европа Иттифоқига расмий ташрифини кутяпмиз.
Абдумалик Сарманов таржимаси