Қосим-Жўмарт Тўқаев хорижий дипломатик миссиялар раҳбарлари билан учрашди. Президент турли соҳаларда ўтказилаётган кенг кўламли ислоҳотларни тилга олди. Фуқаролик жамияти нуфузини кўтариш, демократлаштириш ҳамда ижтимоий-сиёсий ўзгаришларни амалга ошириш учун қилинаётган ишларни таъкидлаб ўтди. Давлат раҳбари маълум қилишича, Қозоғистон танлаб олган иқтисодий йўл эркин бозор иқтисодиёти шаклланиши сари йўналтирилган. Қосим-Жўмарт Тўқаев савдо-иқтисодий ҳамкорлик истиқболларини тилга олди. Мамлакат қишлоқ хўжалиги, саноат, энергетика, «яшил» молияда катта имкониятларга эгалигини таъкидлади. транспорт-логистика соҳаси алоҳида ўрин тутади. Қосим-Жўмарт Тўқаев таъкидлашича, ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш ва фаоллаштиришда бу соҳа алоҳида ўрин тутиши бежиз эмас. Бугунги кунда Қозоғистон ва минтақа мамлакатлари барча манфаатдор давлатлар ва ташкилотлар учун очиқ сиёсат юритмоқда, турли соҳаларда улар билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини кўрсатмоқда.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
– Марказий Осиёнинг минтақа ва глобал даражада C5+ форматида аҳамияти ортиши оқибатида ҳамкор давлатлар билан биргаликда ишлаш имкониятлари ортиб бормоқда. C5+ формати АҚШ, Япония, Жанубий Корея, сўнгги вақтларда Хитой, Ҳиндистон, Россия ва Европа Иттифоқи билан ўзаро муносабат ўрнатган. Марказий Осиёнинг энг йирик иқтисодиёти бўлган Қозоғистон минтақавий ва глобал тараққиётга ўз ҳиссасини қўшади. Қитъалар, маданиятлар, миллатлар ўртасида кўприк вазифасини бажаради. Биз ушбу йўналишда АСЕАН, Яқин Шарқ, Африка ва Америка билан фаол ҳамкорлик қиламиз, турли лойиҳаларни рўёбга чиқаришда давом этишга тайёрмиз.
Абдумалик Сарманов таржимаси.