Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг Нью-Йоркка қилган амалий ташрифидаги асосий воқеа – БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессияси дебатларидаги иштироки бўлди. Қозоғистон етакчиси халқаро трибунадан туриб, инсоният мисли кўрилмаган даражада улкан силжиш ва геосиёсий зиддиятлар палласига кирганини таъкидлади. БМТ Низомига киритилган халқаро ҳуқуқ тизимининг асосий тамойиллари бузилиши улкан хавф туғдиради. Фақат мулоқот ва зиддиятларни дипломатик йўл билан ҳал этишгина тўғри ечим бўла олади. Хавфсизлик кенгаши шундай майдончалардан бири ҳисобланади. Лекин БМТнинг мазкур органи ислоҳ қилиниши ва кенгайтирилиши лозим, деди Қосим-Жўмарт Тўқаев.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Қозоғистон Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг амалдаги раиси сифатида Адолатли дунё ва тотувлик учун жаҳон бирдамлиги тўғрисида ташаббус билан чиқди. Барчангизни аъзо бўлишга чақираётган мазкур ташаббус хавфсизлик, адолатли иқтисодий муҳит ва мусаффо сайёра парадигмаларини ўз ичига олади. Глобал Жануб ва Глобал Шимол ўртасидаги очиқ мулоқот унинг асосий банди ҳисобланади.
Қозоғистон етакчиси глобал иқтисодий муаммоларни ҳал этиш нақадар муҳимлигига эътибор қаратди. Ўтган йили сайёра аҳолисининг 10 фоизи очарчилик хавфига дуч келди. Қосим-Жўмарт Тўқаев фикрича, мамлакатлар озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича ўзаро ахборот алмашиши лозим. Унга ишлаб чиқариш ҳажми, товарлар экспорт-импорти ҳақида аниқ маълумотлар берилиши зарур. Қозоғистон озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бериш бўйича минтақавий хаб вазифасини бажара олади. Бунинг учун республикада захира, инфратузилма ва логистика мавжуд. Давлат раҳбари иқлим ўзгариши муаммосига эътибор қаратди, дунё углерод ёнилғисидан фойдаланилмайдиган келажакка интилиши керак, деди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Биз Қозоғистонда Адолатли энергетик ўтиш бўйича ҳамкорлик дастурини ишга туширишни таклиф қиламиз. Босқичма-босқич, барқарор ва ижтимоий масъулиятни зиммага олган ҳолда кўмир ишлатишдан воз кечиш иқлим ўзгариши билан боғлиқ глобал мақсадларга эришишга ёрдам беради. Қозоғистон Алматида Иқлим ўзгариши ва яшил энергетика бўйича Марказий Осиё учун лойиҳа офиси очиши бу мақсадларга эришишда кўмаклашади. 2026 йилда Қозоғистонда БМТ Минтақавий иқлим саммити ўтказилишини сабрсизлик билан кутяпмиз.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, шунингдек, мамлакатдаги сиёсий-иқтисодий тизим қайта ишга тушганини айтиб ўтди. Ислоҳотлар тенглик, холислик ва эркинлик тамойиллари асосида ўтказилаётганини таъкидлади. Юксак саҳнадаги нутқини тугатар экан, Қозоғистон етакчиси яна бир марта республика ташқи дунёга очиқлиги, адолатли ва барқарор дунё яратиш учун ҳамкорликка тайёрлигини билдирди.
Абдумалик Сарманов таржимаси.